Бугунги кунда мувофиқликни баҳолашга оид ҳужжатларни рақамлаштириш ва хавфсиз манбада сақлаш томонлар учун маълумотларни исталган вақт ва маконда текшириш, қоғозбозликнинг олдини олиш, жараённи тезлаштириш, назорат занжирини ташкил этиб, муаммоларни ўз вақтида аниқлаш билан бир қаторда маҳсулотлар сифатини ошириш имконини беради.

Маҳсулотлар сифатини таъминлаш учун сертификатлаштирилган маҳсулотлар устидан инспекция назоратини ўтказиш муҳим аҳамият касб этади. Ушбу жараён Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2005 йил 6 апрелда рўйхатга олинган “Сертификатлаштирилган маҳсулотларни инспекция назоратидан ўтказиш Қоидалари” асосида олиб борилади.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг таркибий қисми бўлмиш Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати марказининг маълум қилишича, мазкур тизим электронлаштирилиб, жорий йилнинг 1 январь санасидан ишга туширилди.

Эндиликда инспекция назорати икки томонлама келишувининг ягона базада юритилиши натижасида коррупция ҳолатларининг олдини олиш, инсон омили аралашувини камайтириш, ишлаб чиқарувчилар вақтининг тежалиши ҳамда маҳсулотлар сифатини доимий таъминлашнинг яна бир бўғини яратилди.

Маълумот ўрнида, сертификатлаштирилган маҳсулотлар устидан инспекция назорати – сертификатлаштирилган маҳсулотларнинг сертификатлаштирилаётганда белгиланган талабларга мувофиқлигини тасдиқлаш мақсадида амалга ошириладиган даврий такрорий баҳолаш тартиб-таомили ҳисобланади.

 

Ш.Маматуропова,

ЎзА