Коррупция ва молиявий фирибгарлик кўплаб давлатларнинг иқтисодий ва ижтимоий таназзулига сабаб бўлмоқда. Ҳар йили юз миллиардлаб доллар амалдорларнинг чўнтагига тушиб, сўнгра хориждаги ҳисоб-рақамларига ўтказиб юборилади. Бугунги кунда трансмиллий ҳодисага айланган коррупцияга қарши курашиш дунё ҳамжамиятини ташвишга солаётган муҳим масалалардан бири ҳисобланади.
Маълумки, коррупция турли кўринишларда намоён бўлади. Мазкур йўналишдаги қонунбузарликлар кичик кўринишлардан тортиб, мансабдор шахсларгача бўлган миллиардлаб доллар тўловларигача амалга оширилади ва офшор компанияларда якунланади. Айтиш жоизки, дунёда коррупциядан бутунлай холи давлатнинг ўзи йўқ. Коррупцияга қарши конвенция ташкилоти маълумотларига кўра, коррупциянинг олдини олиш ва унга чек қўйиш, мансабдор шахсларнинг масъулиятини ошириш, хориж мамлакатларнинг ҳисоб рақамларига тушган коррупцион маблағларни қандай қилиб бюджетга қайтариш ҳозирги куннинг долзарб масаласига айланмоқда. Глобал миқёсда йиллик коррупция миқдори триллион долларни ташкил этади. Яъни жаҳон иқтисодиёти 2,6 триллион доллар йўқотмоқда. Бу жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 5 фоиздан ортиғини ташкил этади.
Таҳлилларга кўра, коррупция кўплаб мамлакатлар иқтисодиёти ривожига тўсиқ бўлмоқда. Одатда инвестициялар миллий иқтисодиётни ривожлантиришнинг асосий манбаси ҳисобланади. Инвесторлар эса шаффофлик ва адолатли рақобат мавжуд бўлмаган миллий бозорларга сармоя киритишни истамайди. Натижада коррупция ботқоғига ботган миллий иқтисодиёт ривожланмай қолаверади. Экспертлар активларни қайта тиклаш анчайин муаммоли масала эканини таъкидлашади. Устига-устак кўпгина банклар жиноятчиларга ноқонуний йўллар билан орттирган пулларини дунё бўйлаб кўчиришга рухсат бериб келаётир. Тўғри, халқаро ҳамкорлик натижасида бундай активларни аниқлаш мумкин, лекин кўпинча уларни ортга қайтариш ўнлаб йилларга чўзилади.
Маълумки, сўнгги 13 йил ичида ўғирланган активларни трансчегаравий кузатиш ва чеклаш анча кенг тарқалган амалиётга айланди. Натижада маблағларни қайтариш йўлида ҳам самарали ишлар амалга оширилди. Масалан, 2010 йилдан буён 4,3 миллиард долларлик коррупцион активлар ўз мамлакатларига қайтарилган.
Яқинда АҚШ бошқа мамлакатларда мусодара қилинган ва ортга қайтарилган энг кўп коррупция даромадлари ҳақида маълумот берди. Активларни ортга қайтарган давлатлар қаторига Швейцария, Сингапур ва Лихтенштейн ҳам бор. Шунингдек, Нигерия ва Малайзия коррупция билан боғлиқ активларнинг энг кўп миқдори хорижий юрисдикциялардан ундирилгани ҳақида маълум қилинган. Ҳар икки давлат 1,2 миллиард доллар миқдорида хорижий банкларга ўтказиб юборилган маблағларни яна ортга қайтарган. Бироқ кўпгина давлатлар кўпинча коррупциядан олинган даромадлар эгаларини аниқлаш ва текширишдаги қийинчиликлар ёки судланмаган ҳолда маблағларни мусодара қилишнинг имкони йўқлиги сабабли активларни қайтариб олиш йўлидаги тўсиқларга дуч келмоқда.
Коррупция, порахўрлик, бюджет маблағларини ноқонуний ўзлаштириш муаммоси Ўзбекистонда ҳам мавжуд. Шунинг учун Президентимиз Шавкат Мирзиёев жамиятимизда долзарб муаммога айланган коррупция иллатини таг-томири билан йўқ қилишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар самараси ўлароқ, олий ўқув юртларидаги порахўрликлар, пойтахтимиздаги “прописка” билан боғлиқ тақиқлар, валюта сотиш ва сотиб олиш муаммолари бартараф қилинди. Қўшни мамлакатлар билан алоқалар яхшиланиб, чегаралар очилди.
Давлатимиз раҳбарининг мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, иқтисодиётни либераллаштириш, коррупциядан холи Янги Ўзбекистонни қуриш йўлидаги саъй-ҳаракатлари нафақат халқимиз, балки халқаро ҳамжамиятнинг ҳам эътирофига сазовор бўлмоқда. Бу борада БМТ, Жаҳон банки, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти каби нуфузли халқаро тузилмалар билан яқин ҳамкорлик қилинмоқда.
Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш борасида ҳуқуқий ва институционал ислоҳотлар тизимли амалга оширилмоқда. Жумладан, коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун қабул қилинди, махсус ваколатли Агентлик ташкил этилди. Барча давлат идораларида самарадорликни баҳолаш рейтинг тизими йўлга қўйилди. Давлат харидлари тўлиқ рақамлаштирилди. Давлат томонидан аҳолига кўрсатиладиган хизматлар Ягона дарча орқали амалга оширилмоқда. Буларнинг барчаси ҳукумат фаолиятининг очиқ ва ошкоралигини таъминлаш, бюрократияни камайтириш, давлат хизматларини соддалаштириш, коррупциянинг олдини олишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Ўзбекистон 2021 йилда Халқаро Очиқ маълумотлар хартиясига аъзо бўлди. Истанбул ҳаракатлар дастури, Глобал оператив тармоқ, Евроосиё, Эгмонт гуруҳлари ва бошқа кўплаб платформаларда самарали иштирок этиб келмоқда. Ғарбий ва Марказий Осиё давлатларининг активларни қайтариш тармоғининг Котибияти вазифасини бажармоқда. Қолаверса, ҳар йили Тошкентда анъанавий Халқаро аксил коррупция форуми ўтказиб келинади.
Коррупцияга барҳам бериш йўлида амалга оширилган ишлар натижаси ўлароқ, Ўзбекистон “Transparency International” индексида минтақада энг юқори кўрсаткични қайд этиб, 42 поғонага кўтарилди. Ўзбекистон “Open Data Inventory” рейтингида эса жорий йилда 30-ўринга кўтарилди. Очиқ маълумотлар манбалари бўйича Ўзбекистон дунёда 4-ўриндан жой олган. Лекин буларнинг барчаси коррупцияни бутунлай йўқ қилиш йўлидаги ишларнинг бир қисми холос. Ҳали олдинда қилинадиган ишлар кўп. Собит бўлсак, барчасига эришамиз.
Маълумки, 2023 йил 19 декабрь куни “Tashkent city” халқаро ишбилармонлик маркази ҳудудида халқаро ҳамжамиятнинг коррупцияга қарши курашиш борасидаги саъй-ҳаракатларини ифодаловчи монументнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда мукофот асосчиси – Қатар Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти вакиллари, 40 дан зиёд мамлакат делегациялари, шу жумладан ушбу халқаро мукофот совриндорлари қатнашди.
Кафти очиқ қўл кўринишида металлдан ишланган ушбу ўн икки метрлик композиция ҳалоллик, пок амал ва ниятларни, коррупцияга нисбатан мутлақ тоқатсизликни, дунёнинг барча мамлакатларини унга қарши курашишда бирлашишга чақириқни англатади.
Дарҳақиқат, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳам ҳар бир чиқишида “Демократик ислоҳотлар ортга қайтмас тус олганини, жумладан, Янги Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш борасида ҳам катта режа ва вазифалар олдимизга қўйилганини” алоҳида таъкидлаб келади.
Коррупцияга қарши курашиш бўйича юксак халқаро мукофот билан тақдирлаш маросимидаги нутқида ҳам Президентимиз коррупцияга қарши курашиш соҳасида бир қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди.
Энг аввало, Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган миллий стратегия ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилади. Унда давлат идоралари фаолиятининг янада шаффофлигини таъминлаш ва ҳисобдорлигини ошириш, очиқ маълумотлар тизимини такомиллаштириш, соҳанинг ҳуқуқий асослари ва институционал механизмларини мустаҳкамлашга алоҳида урғу берилади.
Қолаверса, Тошкентда Коррупцияга қарши курашиш конвенциясининг Минтақавий платформаси ўз фаолиятини бошлаган. Коррупция ҳолатлари бўйича “дастлабки ўрганиш” – коррупцион суриштирув институти жорий этилди. Президентимиз айтганидек, “жамиятимиз олдида онги ва қалби болаликдан “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланган янги авлодни камолга етказишдек устувор вазифа турибди”. Шу мақсадда БМТнинг Коррупцияга қарши таълим ва ёшларнинг имкониятларини кенгайтириш глобал ресурси дастурини Ўзбекистонда кенг жорий этиш мақсад қилинган.
Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон коррупцияга қарши курашдаги минтақавий ва глобал ташаббус ҳамда янги лойиҳаларни қўллаб-қувватлайди, уларда фаол қатнашади. Мамлакатимиз албатта коррупциядан холи давлатлар қаторидан жой олади.
Саидмурод Раҳимов,
ЎзА