Божхона қўмитаси томонидан 2023 йил давомида соҳани рақамлаштириш, божхона тартиботларини янада соддалаштириш, товарларни божхона ҳудудида қайта ишлаш орқали мамлакатимиз экспорт салоҳиятини ошириш борасида тизимли ишлар амалга оширилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 29 август куни “Божхона расмийлаштируви маркази”га ташрифи чоғида берилган топшириқлар соҳани очиқлик, шаффофлик ҳамда ишончлилик тамойиллари асосида коррупциядан холи тизимга айлантиришда муҳим ўрин тутмоқда.

Бу ҳақда АОКАда Божхона қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Нурбек Саломов иштирокида ўтказилган брифингда қайд этилди. 2023 йил давомида давлат божхона хизмати органлари томонидан 17 мингдан ортиқ ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига 57,4 триллион сўм миқдорида божхона тўловларидан имтиёз ва тариф преференциялари қўлланилди. Давлат бюджетига 58,4 триллион сўм миқдорида маблағ ўтказилди.

Хавфларни бошқариш ва “яширин иқтисодиёт”га қарши курашиш йўналишида 972,8 миллиард сўмлик товарларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилди. Давлат бюджетига 165,3 миллиард сўм қўшимча тўловлар ундирилди.

Мамлакатимиз аҳолиси соғлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 9,2 тоннадан ортиқ гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмаси фош этилди. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 8,4 тоннага ёки 12,3 баробарга ортди. Шунингдек, 650 минг дона психотроп ва кучли таъсир этувчи моддалар, 8 778 дона қурол-яроғ ва портловчи моддалар аниқланди.

2023 йил давомида 5 миллион 700 минг қути тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди. Бу борадаги  кўрсаткич эса 2022 йилга нисбатан 4 миллион 100 минг қутига ёки 3,6 баробарга кўп демакдир. Соҳани рақамлаштириш мақсадида 12 та ахборот тизими, 4 та интерактив хизмат ва 5 та мобиль илова амалиётга жорий этилди.

Ушбу давр мобайнида ташқи савдо айланмаси 21 фоизга, ҳаракатланган автотранспорт ва темир йўл вагонлари сони 45 фоизга, йўловчилар сони 2,2 баробарга ёки 13,1 миллион нафарга ортган бўлсада, соҳани рақамлаштириш ҳисобига божхона расмийлаштируви вақти 2 баробарга қисқарди. Экспорт товарларининг 90 фоизи ва импорт товарларининг 80 фоизи соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилди.

Божхона юк декларацияларини инсон омилисиз автоматик расмийлаштириш ҳажми экспортда 86 фоизни ташкил қилди. Халқаро ҳамкорлик йўналишида 9 та халқаро ҳужжат имзоланди. Соҳага 5,6 миллион доллар миқдорида грант маблағлари жалб қилиниб, божхона постлари замонавий техника воситалари билан жиҳозланди.

Божхона органларига бириктирилган ёшлар билан доимий тарзда иш олиб бориш, уларнинг бандлигини таъминлаш йўналишида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди.

Тиббий-ижтимоий муассасаларнинг моддий-техник базаси ҳамда инфратузилмасини яхшилаш борасида Тошкент шаҳридаги 3 та ҳамда Зомин ва Сирдарёдаги ногиронлиги бўлган аёллар учун “Мурувват” интернат уйлари, шунингдек, Фарғонадаги “Саховат” кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун интернат уйларида реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Шу билан бирга, фуқароларга янада қулайлик яратиш мақсадида “Ғишткўприк”, “Навоий”, “Довут-ота” чегара-божхона постларини замонавий андозалар асосида реконструкция қилиш ишлари давом эттирилмоқда. Республика миқёсида қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш мақсадида “Яшил энергия” ахборот тизими амалиётга жорий этилди. Ушбу давр мобайнида божхона ходимлари томонидан жами 60 минг 476 та объект мониторинг қилиниб, умумий қуввати 436,5 МВтни ташкил этувчи қуёш панеллари ўрнатилиши таъминланди.

Тадбиркорлар иштирокида барча ҳудудларда ўтказилган сайёр учрашувларда божхона ҳудудида қайта ишлаш режимининг имконият ва имтиёзлари кенг тарғиб қилинди. Натижада мазкур режимга жами 701 миллион АҚШ долларига тенг товарлар жойлаштирилиб, бу борадаги кўрсаткичлар 2022 йилга нисбатан қарийб 76 фоизга ошди.

Тадбиркорлар томонидан божхона тўловларидан озод қилинган ҳудуд имкониятларидан самарали фойдаланган ҳолда хорижга умумий қиймати 728 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи товарлар экспорт қилинди. Ушбу кўрсаткич 2022 йилга нисбатан 2,1 баробарга ёки 389 миллион АҚШ долларига ортди.

 

Шаҳноза Маматуропова,  

ЎзА