Покистон қуролли кучлари мамлакатда ишлаб чиқарилган Fatah-II ялпи ўт очиш реактив тизимини муваффақиятли синовдан ўтказди деб ёзмоқда ТАСС ахборот агентлиги. Тизимнинг парвоз масофаси анча узайтирилган.
Мамлакат мудофаа вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар бошқармаси хабар беришича, Fatah-II оддий турдаги ўқ-дорини нишонга етказишга мўлжалланган. Бошқариладиган ракеталар тизими 400 километр узоқликдаги нишонни аниқ уришга қодир.
–Покистон президенти Ариф Алви, вақтли ҳукумат раҳбари Анваарул – ул Ҳақ Какар ва Штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раиси генерал Сахир Шамшод Мирза Fatah-II тизимини яратган қўшинлар ҳамда мутахассисларни синов муваффақияти билан табриклади, –дейилади хабарда.
ОАВ хабарларига кўра, Fatah тизимлари Покистоннинг Global Industrial & Defence Solutions (GIDS) мудофаа компанияси томонидан ишлаб чиқарилмоқда. Янги қурол Американинг HIMARS (High Mobility Artillery Rocket System) тизимига ўхшаш экани айтилмоқда.