Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексига божхона тартиб-таомилларини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.

Мазкур масала юзасидан қўмита раиси Нодир Жумаев маъруза қилиб, тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш мақсадида амалга оширилган чоралар натижасида республикамизда ишбилармонлик муҳити яхшилангани, тадбиркорлик субъектлари ва хусусий инвесторлар учун кенг имкониятлар яратилганини қайд этди:

— Соҳадаги ишлар билан бирга, қонунчиликни халқаро нормаларга, шу жумладан Божхона тартиботларини соддалаштириш ва уйғунлаштириш тўғрисидаги халқаро конвенция (Киото, 1973 йил 18 май, 1999 йил 26 июндаги ўзгартиришлар билан), Жаҳон савдо ташкилотининг Божхона тартиботларини соддалаштириш тўғрисидаги битими ва Жаҳон божхона ташкилоти қоидаларига мувофиқлаштириш орқали ташқи савдони янада либераллаштириш зарурати мавжуд. Жаҳон савдо ташкилотининг асосий вазифаси — эркин ва шаффоф савдо муносабатларини тартибга солиш ва уни кенгайтириш орқали давлатнинг тараққиётини таъминлаш ва инсонлар турмушини яхшилашга қаратилган. Мазкур қонун лойиҳаси билан интеллектуал мулк, реклама ва давлат божи билан боғлиқ бўлган қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилотининг тегишли битимларига мувофиқлаштириш назарда тутилмоқда. Товарларни экспорт, реимпорт ва реэскпорт божхона режимларига жойлаштириш тартиб-таомиллари соддалаштирилади.

Қонун лойиҳасида товарларнинг божхона қийматини белгилашнинг асосий усули сифатида шартнома баҳоси қатъий белгиланмоқда. Бир вақтнинг ўзида бир нечта божхона тартиботларни амалга ошириш учун божхона тўловлари тўланишини белгиловчи Бош таъминлов ҳужжатини қўллаш амалиёти киритилмоқда. Шунингдек, контрафакт маҳсулотлар кириб келишининг олдини олиш мақсадида божхона органларига қўшимча ҳуқуқлар берилмоқда. Товарлар бўйича экспертиза якунланмаган бўлса ҳам, ушбу товарларни импортга шартли чиқариб юбориш амалиёти жорий этилмоқда.

Бундан ташқари, қонун лойиҳаси билан тадбиркорга товарларни Ўзбекистонга олиб келгунга қадар улар бўйича божхона тўловлари ва ишлаб чиқарилган мамлакатини аниқлаш юзасидан олдиндан маълумот олишнинг ҳуқуқий асоси мустаҳкамланмоқда. Мазкур янги тартибнинг жорий этилиши тадбиркорларга ўз бизнесларини олдиндан режалаштиришга янада кенг имконият яратиб беради, — деди депутат.

Қонун лойиҳасини моддама-модда муҳокама қилиш давомида депутатлар томонидан бир қатор масалалар, саволлар ўртага ташланди. Лойиҳадаги нормалар давлат идоралари манфаатлари эмас, балки ишлаб чиқарувчилар, божхона муносабатлари иштирокчилари манфаатлари учун хизмат қилиши лозимлиги алоҳида таъкидланди. Шунингдек, унинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этиш ва тушунтириш кераклиги айтилди.

Қизғин баҳс-мунозаралардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.

 

М.Комилова,  

ЎзА