“Deutsche Welle” Германияда чиқиндиларни камайтириш бўйича Федерал статистика бошқармасининг янги маълумотлари асосида мақола эълон қилди. Унга кўра Германияда маиший чиқиндилар рекорд даражада камайган. Масалан, 2022 йилда Германияда маиший чиқиндилар ҳажми 8,2 фоизга камайиб, 37 миллион тоннани ташкил қилган.

Тадқиқотчилар чиқиндиларни камайиши бўйича бу йилги кўрсаткични “ҳайратланарли” деб аташмоқда. Германияда 1990  йиллардан бошлаб чиқиндиларни саралашга кўпроқ эътибор қаратилмоқда. Ҳар бир уйда қоғоз, қадоқлар ва бошқа чиқиндилар учун алоҳида идишлар мавжуд. Ўз навбатида, ушбу тартиб чиқиндилар турларини таснифлаш ва ҳисобга олишни осонлаштиради.

Европа Иттифоқи мамлакатлари ҳар йили тахминан 2,2 миллиард тонна чиқинди ҳосил қилади. Германия эса чиқиндиларни саралаб, қайта ишлаб, ҳозирда энг кам чиқинди ҳосил қиладиган мамлакат сирасига киради. Тадқиқотлар яна шуниси билан қизиқки, чиқинди ташлашда одамларнинг ёши ҳам инобатга олинган. Аҳоли қанча ёш бўлса, шунча кўп озиқ-овқат чиқинди қутисига тушар экан.