Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қирқ еттинчи сессияси бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ҳукумати аъзолари, соҳа ва сектор раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Сессия кун тартибида дастлаб Қорақалпоғистон Республикасининг 2024 йилги бюджети тўғрисидаги масала ҳақида Қорақалпоғистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазири Р.Султановнинг маърузаси тингланди.
Таъкидланганидек, 2024 йилда Қорақалпоғистон Республикаси бюджети даромадлари 3 триллион 69 миллиард 349 миллион сўм миқдорида режалаштирилган бўлса, харажатлар 5 триллион 147 миллиард 284,2 миллион сўм миқдорида прогноз этилмоқда. Бунда давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган тадбиркорлар учун қулай бизнес муҳитини яратиш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, ижтимоий муҳофазани кучайтириш, ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, ҳудудлардаги, шу жумладан, маҳаллалардаги муаммоларни бартараф этиш, сув ва ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш каби аҳамиятли йўналишлар такомиллаштирилди.
Шундан сўнг 2023 йилда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг якунлари, 2024 йилга белгиланган режалар бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг мурожаати тўғрисидаги масала кўриб чиқилди. Бу бўйича Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.Эрманов маъруза қилди.
2023 йилнинг якунлари бўйича ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 104,1, саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 101,5, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 103,5, қурилиш-пудрат ишлари 107 ҳамда хизматлар ҳажми 111,1 фоизга ўсиши кутилмоқда. Шу билан бирга, келгуси йили ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмини 105,6, саноат 106,1, қишлоқ хўжалиги 103,7, қурилиш ишларини 108 фоизга етказиш режалаштирилмоқда.
Сессияда, шунингдек, “Туризм тўғрисида”ги Қорақалпоғистон Республикаси қонуни лойиҳаси, “Қорақалпоғистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қорақалпоғистон Республикаси қонуни лойиҳаси, Оролбўйини келгуси йили ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг ҳисоботи, ичимлик суви билан таъминлаш ҳамда оқова сув хизматларини яхшилашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди.
Кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Сессияда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев иштирок этди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири