Таниқли шоир Рустам Мусурмон самимий, кўнглида ғубори йўқ, ҳамиша кўмакка тайёр, изланишдан чарчамайдиган, доим халқ меҳридан илҳом олиб, ижод қилувчи қаламкаш. Шеърлари ўзидек самимий, халқчил.
Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Қорақалпоғистон халқ шоири Рустам Мусурмон таваллудининг 60 йиллигига бағишланган ижодий кеча бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид ижод аҳлининг самарали меҳнат қилиши, янги-янги асарлар яратиши учун кенг имкониятлар яратиб берилаётгани, бу борадаги ибратли саъй-ҳаракатларга давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббускор эканини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 22 декабрь куни Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида бу борада янада кўпроқ шароитлар яратиб бериш, китобхонликни ривожлантириш, бадиий таржима мактаабининг энг яхши анъаналарини равнақ топтириш билан бирга қаламкашларнинг ёш авлод тарбияси борасидаги саъй-ҳаракатларини янги босқичга олиб чиқиш масалаларига устувор аҳамият қаратилди.
Шоир таваллудига бағишланган маърифий анжуманда иштирокчилар Рустам Мусурмон ижоди хусусида батафсил тўхталдилар.
Кеча давомида ижодкорнинг “Бир жуфт сўз” шеърлар тўплами, шунингдек, шоир таржима Шандор Петёфининг “Озодлик”, Александр Файнбергнинг “Қораламага қасида”, Кенгесбой Каримовнинг “Масофалар”, Бахтиёр Генжамуроднинг “Юракнинг ўтли осмони”, Соғинбой Иброҳимовнинг “Йўл ўртаси” шеърий китоблари ҳақида сўз борди. Зеро, Рустам Мусурмоннинг ижодий фаолияти, таржима дунёсидаги салмоқлари ишлари ҳақида гапириб ўтди.
Рустам Мусурмон 1963 йилнинг 26 августида Қашқадарё вилоятининг Китоб туманидаги Яккатут қишлоғида туғилган. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг ўзбек филологияси факультетини тамомлаган. Шоирнинг “Руҳимнинг товуши”, “Хиргойи”, “Бозбарак”, “Бир жуфт сўз” шеърий тўпламлари, “Руҳ насибаси” достони, “Муқанна” қиссаси адабиёт ихлосмандларига яхши таниш.
– Шоир бадиий таржимон сифатида ҳам баракали ижод қилиб келяпти, – деди адабиётшунос олим Нурбой Жабборов. – Хусусан, у қорақалпоқ халқининг ардоқли фарзандлари Ажиниёз, Бердақ шеърларини, Ибройим Юсуповнинг танланган асарларини, Ўразбой Абдураҳмоновнинг “Оролим – дардим менинг” роман-эссесини, Кенгесбой Каримовнинг “Оғабий” романини, Муратбой Низановнинг “Ҳаво кемасидаги икковлон” қиссасини, Бахтиёр Генжамуроднинг “Укуздарё битиклари” шеърлар ва достонлар тўпламини, “Мадэхон сўзи ёхуд Чин ипагидаги битик”, “Қорақалпоқ” достонларини, Алланазар Абдиевнинг қатор ҳикояларини ўзбек тилига маҳорат билан ўгирган.
Рустам Мусурмон шунингдек, Сапфо, Праксилла, Габриэла Мастраль, Марина Цветаева, Анна Ахматова, Эйла Квиккахо, Ида Грамко, Ана Бландиана, Иван Вазов, Димитр Методиев, Веселин Ханчев, Андрес Мата, Андрес Элой Бланко, Мануэл Фелипе Рухелис, Антонио Арраис, Мигель Отеро Сильва, Эдуардо Гальегос Мансера, Анна Свершинская, Тадеуш Ружевич, Анджей Бурса ва бошқа кўплаб жаҳон ёзувчи-шоирларининг шеърлари ҳамда насрий асарларини таржима қилган.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан “Биринчи китобим” рукнида чоп этилган, қорақалпоғистонлик ёш ижодкорлар Сарвиноз Мусаддинованинг “Карвон йўллари”, Аллаёр Дарминовнинг “Ой дўст” шеърий тўпламларининг ҳам таржимонидир.
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Рустам Мусурмоннинг туркум шеърлари ва публицистик мақолалари “Амударё” журналида, “Эркин Қорақалпоғистон”, “Қорақалпоқ адабиёти” газеталарида мунтазам чоп этиб келинади. Матбуотда 200 дан ортиқ адабий танқидий ва бадиий публицистик мақолалари эълон қилинган.
– Бугун ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ ёзувчи ва шоирларга, умуман ижод аҳлига эътибор кучайган, – деди шоир Рустам Мусурмон. – Бундай эътибор халқимизга, Ватанимизга, адабиётимизга янада кўпроқ меҳр-муҳаббат билан хизмат қилишга ундайди.
Адабий анжуманда шоир ижодидан намуналар ўқилди.
Н.Усмонова, ЎзА