Жорий йилнинг 25-26 декабрь кунлари Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда Финляндия Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизм доирасида пенитенциар муассасаларига мониторинг ташрифларини режалаштириш ва ўтказиш методологияси” мавзусида семинар ўтказилди.

Семинарда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ходимлари, Омбудсманнинг ҳудудлардаги минтақавий вакиллари ҳамда Омбудсман ҳузуридаги Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳлари аъзолари иштирок этишди.

Тадбирда қайд этилишича, Ўзбекистон қийноқларнинг олдини олиш ҳамда унинг ҳар қандай кўринишига қарши курашиш бўйича ўзининг қатъий позициясига эга. 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси доирасида 2019 йилда Омбудсман ҳузурида қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларининг олдини олиш бўйича миллий превентив механизм йўлга қўйилди. “Омбудсман плюс” модели асосида тузилган МПМ доирасида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили бошчилигида унинг ҳудудлардаги минтақавий вакиллари ҳамда Омбудсман ҳузуридаги жамоатчилик гуруҳлари аъзолари ва ОАВ иштирокида мунтазам равишда пенитенциар муассасаларга мониторинг ташрифлари ўтказиб келинмоқда. Мониторингларда муассасаларда сақланаётган шахсларнинг яшаш шароитлари, озиқ-овқат билан таъминланиши, тиббий хизмат кўрсатиш сифати, меҳнат шароитлари ва уларга бўлган муносабат ўрганилади.

Семинарни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова кириш сўзи билан очди.

– Ўзбекистон халқи, инсон ва унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланадиган инсонпарвар демократик давлат, очиқ ва адолатли жамиятни барпо этиш масъулиятини олган, – деди Ф.Эшматова. Янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси муқаддимасига муҳрланган ушбу сатрлар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар асосини ташкил этади. Қолаверса, умумхалқ референдуми асосида қабул қилинган Бош қомусимизда инсон қадри, манфаати учун хизмат қиладиган нормалар аввалгисидан уч бараварга кўпайган.

Хусусан, агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмаслиги олий юридик мақомга эга бўлган ҳужжатда қатъий белгиланди. Бу эса қийноқ ҳолатларини келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этишга қаратилган муҳим қадам.

Ушбу семинарга БМТ тизимида айнан қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва бартараф этиш йўналишида кўп йиллик тажрибага эга халқаро эксперт Виктор Захария ҳам жалб қилинди. Икки кунлик семинар давомида иштирокчилар маълумот тўплаш, шароитларни стандартларга мувофиқлигини баҳолаш, маҳкумлар (маҳбуслар) ва ходимлар билан суҳбатлар ўтказиш ва шикоятларни кўриб чиқиш ва ўрганиш ҳамда бошқа мавзуларда билим ва кўникмаларини мустаҳкамладилар.

– Президентимизнинг 2021 йил 26 июндаги “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида нафақат ушбу иллатни барвақт аниқлаш, бартараф этиш, балки қийноқдан жабр кўрган инсонларга ҳар томонлама ёрдам бериш ва уларга етказилган зарарни компенсация қилишга ҳам қаратилди, – дейди Олий Мажлис Сенати аъзоси, минтақавий вакил Абира Ҳусейнова. – Шунингдек, қарор билан Омбудсман ҳузуридаги МПМ ҳам такомиллаштирилиб, эксперт гуруҳи негизида Омбудсман ҳузуридаги Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳлари ташкил қилинди.

Семинар давомида иштирокчилар БМТ Қийноқларга қарши қўмитасининг якуний кузатувларини таҳлил қилдилар, қонунчилик базасини такомиллаштиришнинг асосий йўналишларини белгилаб олдилар, озодликдан маҳрум қилиш жойларининг тизимли мониторингини амалга ошириш бўйича кейинги қадамларни муҳокама қилиб, инсон ҳуқуқлари кўрсаткичларининг концептуал ва услубий асосларини ўргандилар.

Муҳаррама Пирматова, Рустам Назарматов (сурат), ЎзА