Янги иш ўринларини яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан биридир. Солиқ кодексининг тегишли моддалари тадбиркорлик субъектларига улар томонидан яратилган иш ўринлари сонига қараб тўланадиган солиқларни пасайтирилган ставкаларда ҳамда бўлиб-бўлиб тўлашга имконият беришни кўзда тутувчи нормалар билан тўлдирилмоқда.

Ушбу тартибларни ўз ичига олган “Камбағалликни қисқартиришда тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатишга қаратилган чора‑тадбирлар белгиланганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасининг мажлисида кўриб чиқилди.

Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси Ш.Назаровнинг таъкидлашича, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши солиқ маъмуриятчилигини соддалаштириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси нормаларининг тўғридан-тўғри амал қилишига ва аҳоли бандлигининг ўсишига, камбағалликни қисқартиришга ҳамда кам таъминланган оилалар аъзоларини ишга қабул қилишда тадбиркорлик субъектларини рағбатлантириш учун қулай шароит-шароитлар яратишга хизмат қилади.

Муҳокамалар давомида депутатлар қонун лойиҳасининг долзарблигини эътироф этган ҳолда уни қабул қилдилар.

Муҳтарама Комилова, ЎзА