Маълумки, юртимизда ўзини-ўзи банд қилган шахслар томонидан ижтимоий солиқ тўланган даврлар, ишловчи фуқаролар томонидан эса ишламайдиган турмуш ўртоқлари учун ижтимоий солиқ тўланган даврлар пенсия ҳисоблашда иш стажи сифатида инобатга олиниши белгиланди. Пенсия ҳисоблашда иш ҳақига белгиланган энг юқори чегара миқдори дастлаб пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг саккиз баробаридан ўн баробарига, кейинчалик ўн баробаридан ўн икки баробарига оширилди. Фуқаронинг 2005 йилдан аввалги йиллардаги иш стажи унинг меҳнат дафтарчасидаги ёзувлар асосида ҳисобланиши, пенсияларни эса фуқаронинг биргина паспорти ёки ID-картаси орқали тайинлаш тизими жорий қилинди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида фуқароларга пенcия тайинлаш жараёнида инсон омилини камайтириш, кекса ёшдаги шахсларга давлат хизмати кўрсатилиши сифатини янада оширишга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.

— Бугунги кунда фуқароларга пенсия тайинлашда инсон омилини камайтириш, кекса ёшдаги, ногиронлиги бўлган ва боқувчисини йўқотган шахсларга давлат хизматларини кўрсатиш сифатини янада ошириш ҳамда мазкур соҳада илғор ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш зарурати юзага келмоқда, — деди Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси М.Хўжаева. — Шундан келиб чиқиб, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунга фуқароларга Давлат хизматлари маркази ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали пенсия тайинлаш учун мурожаат қилиш ҳуқуқини яратиш, пенсияларнинг энг кам миқдорини белгиланган энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлмаслигига доир ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

“Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунига эса Пенсия жамғармаси томонидан Халқ банкига ахборот тизими орқали электрон шаклда юбориладиган фуқаронинг пенсионерлиги ҳақидаги маълумотлар асосида унга жамғариб бориладиган пенсия тизимидаги тўловларини олиш ҳуқуқини яратишни назарда тутувчи ўзгартириш киритилмоқда.

Лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида қўмита томонидан ишчи гуруҳ аъзолари, ҳуқуқшунослар, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари иштирокида бир қатор тадбирлар, йиғилишлар ўтказилди. Бу жараёнларда берилган ҳар бир таклиф ва тавсиялар, фикр-мулоҳазалар атрофлича таҳлил қилиниб, лойиҳа ҳар томонлама пишиқ-пухта ҳолатга келтирилди, — деди депутат.

Депутатларнинг фикрича, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши аҳолининг электрон давлат хизматларидан мустақил фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, электрон ахборот технологияларини кенг жорий этиш орқали пенсия тайинланган кекса ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга ўзларининг жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларида йиғилган маблағларини олишларига қулайликлар яратишга хизмат қилади.

М.Комилова, ЎзА