Айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси ўз ишини бошлади. Мажлис кун тартибидан бир қатор масалалар ўрин олган.

Мажлисни кириш сўзи билан очган Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов 22 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши ҳақида тўхталди: 

— Бугун маънавий-маърифий йўналишда муҳим вазифалар олдимизда турипти. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида маънавият, маданият, санъат, ижод соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил тўхталиб ўтдилар. Шу билан бирга, дунёда рўй бераётган ўта зиддиятли, таҳликали вазиятда миллий манфаатларимиздан келиб чиқиб, маънавият, маданият, маърифат соҳасида олиб борилаётган асосий йўналишлар чуқур таҳлилларга асосланган ҳолда кўрсатиб берилди.

Куни кеча фракцияларимиз йиғилишларида ҳам ушбу маъруза чуқур таҳлил қилинди, муҳокамаларда фракциялар олдида турган вазифалар белгилаб олинди. Таъкидлаш жоизки, том маънода маънавий ҳаётимизда туб ислоҳотлар бошланди. Бу борада палатамиз депутатлари олдида турган ишлар талайгина. Бир қатор янги қонунларни қабул қилишимиз керак, амалдаги қонунларнинг жойларда самарали ишлашини таъминлашимиз керак. Президентимиз белгилаб берган вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда ўз ҳиссамизни қўшишимиз лозим бўлади, — деди Спикер.

М.Комилова, ЎзА