Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Қирғизистон Республикаси Адлия вазирлиги ўртасида 1997 йилда имзоланган Ҳамкорлик битими доирасида 2024-2025 йилларга мўлжалланган Ҳамкорлик дастури имзоланди.

Икки вазирлик раҳбарларининг онлайн учрашуви давомида мазкур дастурнинг томонлар учун аҳамияти, жумладан, ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш учун тузилган илк дастур экани ва муҳим ҳамкорлик белгиси саналиши алоҳида таъкидланди.

Дастурда белгиланган чора-тадбирлар ўзининг бугунги кундаги долзарб масалаларга боғлиқлиги ҳамда ушбу ҳамкорлик яқин келажакда юксак натижаларга эришиш учун кўприк вазифасини ўташи эътироф этилди.

Дастур – нотариат, адвокатура, адлия тизимида рақамлаштириш, қонун ижодкорлиги ва бепул юридик хизмат кўрсатиш соҳалари ҳамда бошқа икки томон учун манфаатли соҳаларни ўз ичига олган.

Унда ҳамкорлик доирасида икки қардош халқнинг келгуси фаолияти ва унинг ривожига салмоқли ҳисса қўшилиши, фуқароларининг юридик хизматдан фойдаланишида енгилликлар яратиши, шунингдек, ўзаро тажриба алмашиш назарда тутилган.

Н.Абдураимова, ЎзА