Ҳар йили Янги йил байрами олдидан меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, ота-она қаровисиз қолган болалар, ота-оналари Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш йўлида қурбон бўлган болажонлар, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари учун “Президент арчаси” тадбири ўтказиб келинади.

Бу йилги Президент совғаларининг тайёрланиш жараёнлари билан журналистларни яқиндан таништириш мақсадида “Crafers” корхонасига пресс-тур ташкил этилди. Унда ОАВ вакиллари нафақат совғаларни қадоқлаш, балки ширинликлар ишлаб чиқариш жараёнлари билан ҳам яқиндан танишдилар. Корхонанинг 500 нафардан ортиқ ишчи ходимлари ёшларга қувонч улашиш мақсадида туну кун меҳнат қилмоқдалар.

– Маҳсулотлар юз фоиз ўз корхонамизда тайёрланади, болажонлар учун безарар ҳисобланади – дейди корхона смена раҳбари Алишер Шокиров.

Айтиш керакки, 2023 йилги “Президент арчаси” иштирокчилари: меҳрибонлик уйлари, оилавий болалар уйлари, “SOS — Ўзбекистон болалар маҳаллалари” уюшмасининг болалар маҳаллалари, болалар уйлари ва “Мурувват” ногиронлиги бўлган болалар интернат уйлари тарбияланувчилари, маҳаллаларда истиқомат қилаётган етим ва ота-она қаромоғидан маҳрум бўлган болажонлар, ота-оналари Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш йўлида қурбон бўлган оилаларнинг 3 ёшдан 15 ёшгача бўлган болалари ҳамда “Меҳрли мактаб” ўқувчилари учун умумий ҳисобда 11 000 дона “Президент совғаси” тайёрланди.

Унинг таркибига Ўзбекистон Республикаси Президентининг болажонларга йўлланган Янги йил байрами табриги, 17 турдаги ширинликлар, 2 номдаги канцелярия маҳсулотлари, смарт соат, дарс учун магнит тахтаси ва бошқа совғалар киритилган.Шунингдек, 12 ёшдан катта 1600 нафар тарбияланувчилар совғалари таркибида планшетлар ҳам мавжуд. Совғалар  мамлакатимизнинг 10 та ҳудудига, хусусан, узоқ манзилдаги Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларига самолётлар орқали, яқин ҳудудларига эса автотранспорт воситалари орқали етказилади.

– “Президент арчаси” тадбирларида ушбу совғалар ҳокимлар ва масъуллар томонидан болажонларимизнинг ҳар бирига берилади, – дейди Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бўлим бошлиғи Рўзибек Тўраев. – Энг аҳамиятли жиҳати совғаларимиз таркибида Президентимизнинг болажонларга  байрам табриклари ҳам шу совғалар орқали етиб боради.

“Президент совғаси” ҳудудий ҳокимликлар иштирокида  жорий йилнинг 29-30 декабрь кунлари байрам тадбирларида тантанали топширилади.

Санжар Тошпўлатов, 
Дониёр Якубов, 
ЎзА