Бугун Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда асосий эътибор Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишидаги давлатимиз раҳбарининг маърузаси моҳиятига қаратилди.

Қайд этилганидек, сўнгги йилларда маънавият масалаларига, маданият ва санъат ривожига алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида”ги қонун қабул қилингани соҳа ривожида муҳим аҳамиятга эга бўлди. Миллий анъаналаримизни асраб-авайлаш ва бойитиш мақсадида Мақом, Бахшичилик ва Аския санъати марказлари ташкил этилди.

Шунингдек, “Баҳор” рақс ансамбли, Давлат филармонияси, Давлат симфоник оркестри каби 20 дан ортиқ муассасалар фаолияти йўлга қўйилди. 11 та янги музей, 2 та театр, 28 та болалар мусиқа ва санъат мактаби, 5 та олий таълим муассасаси ташкил этилди.

— Миллатни маънавий уйғоқликка ва дунёда кечаётган воқеа-ҳодисалар моҳиятини чуқур англаш ҳамда хулосалар чиқаришга ундаган ушбу маъруза, унда илгари сурилган ғоя ва ташаббуслар таъбир жоиз бўлса, партиянинг 2024 йилги парламент сайловидаги дастурининг мазмун-моҳиятини ташкил этади, — деди фракция раҳбари Алишер Қодиров. — Зеро, давлатимиз раҳбарининг маърузасида «Миллий тикланиш» илгари суриши мумкин бўлган концептуал ғоялар тўлалигича акс этган. Айниқса, миллат етакчисининг Ватан ва халқ тақдирига нисбатан таҳдидлар кучайган бир пайтда миллат фидойилари бўлган зиёлиларнинг жасорат билан майдонга чиқишлари ҳақидаги фикрлари бугунги шиддатли ўзгаришлар, миллий қадриятлар ва қадриятсизликлар тўқнашаётган нозик чорраҳаларда юзага келаётган тўқнашувлар даврида уйғоқ қалбли зиёлиларимиз зиммасидаги масъулиятни яна бир бор эслатгандек бўлди.

Президент жадидлар ҳақида гапира туриб, замонавий илм-фанни эгаллаган ва айни пайтда миллий қадриятлар руҳида тарбия топган етук кадрларни сув ва ҳавога қиёсладики, бу яқин истиқболдаги режаларимизни қайта-қайта тафтиш қилиш лозимлигини англатади. Шу маънода ҳам миллий ғояни ривожлантиришга доир Президент ташаббуслари «Миллий тикланиш» партиясининг устувор вазифасига айланиши шарт, — деди партия етакчиси.

Таъкидланганидек, маънавият соҳаси вакилининг ўн қадам олдинда юриши ҳақидаги гаплар, санъат, кино соҳаси, музейлар, тасвирий санъату, китобхонлик ва энг муҳими, она тилимиз билан боғлиқ ва халқимиз дилидан тилига чиқара олмаётган ва ўз вақтида илгари сурилган ташаббусларни қўллаб-қувватлаш баробарида улар ижросини назорат қилиш учун ҳам партия ўзини масъул деб ҳисоблайди. Шундан келиб чиқиб, партия ва фракция олдидаги вазифалар белгилаб олинди.

Шунингдек, йиғилишда Тошкентда бўлиб ўтган Коррупцияга қарши курашиш соҳасида юксак халқаро мукофотни топшириш маросими ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди. Шундан сўнг кун тартибидаги қонун лойиҳалари қизғин муҳокама қилинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА