AҚШ Президенти Жо Байден 2024 молия йили учун рекорд даражадаги 886,3 миллиард долларлик мудофаа бюджетини имзолади, дея маълум қилди Оқ уй.
Хабарга кўра, аввалроқ 1 октябрда бошланган 2024 молия йили учун назарда тутилган бюджет лойиҳаси AҚШ Конгрессининг ҳар икки палатаси томонидан маъқулланган эди.
Ҳужжат Мудофаа, Энергетика вазирликлари, Давлат департаменти, шунингдек разведка хизмати ва миллий хавфсизлик дастури фаолияти молиялаштирилиши тартибини белгилайди.
Қонун “келажакдаги эҳтимолий можаролар олдини олиш учун зарур ҳарбий кучни яратадиган муҳим омилларни таъминлайди”, деб таъкидлади мамлакат раҳбари.
Aмерикалик ҳарбий хизматчиларнинг расмий маоши 5,2 фоиз ошади. Бундан ташқари, мудофаа бюджетида айтилишича, Хитойнинг баъзи аккумулятор компаниялари AҚШ харидида иштирок эта олмайди.
Жо Байден имзолаган бюджет Украина хавфсизлигига кўмаклашиш ташаббусини 2026 йил охиригача узайтиради. Демак, Киевга 2024 йил 30 сентябрда ва кейинги йил якунланадиган жорий молия йилида дастур учун 300 миллион доллар ажратилади. Пул AҚШ аслаҳа захирасидан тўғридан-тўғри етказиб бериш учун эмас, балки Украинага юбориладиган қуролларни ишлаб чиқаришга сарфланади.
Байден маъмурияти Украинани Россияга қарши мудофаа урушида қўллаб-қувватлаш учун ажратилган маблағ, деярли, тугаб қолганини бир неча бор таъкидлаган. Президент Конгрессдан хавфсизлик учун 106 миллиард доллар, жумладан Украинага 60 миллиард доллардан кўпроқ ёрдам ажратишни маъқуллашни сўради. Конгрессменлар эса бу таклифни рад этишган.
Г.Сатторова, ЎзА