Ёшлар форуми доирасида Сенатда “Раҳбар ва ёшлар” очиқ мулоқоти ташкил этилди.

Унда сенаторлар, Ёшлар парламенти аъзолари, ёш депутатлар, фаол ёшлар ҳамда журналистлар иштирок этди. Тадбирда мингдан ортиқ ёшлар (онлайн ва офлайн шаклида) қамраб олинди.

Мулоқот давомида Сенат Раиси Танзила Норбоева ёшларга оид давлат сиёсати бўйича мамлакатимизда олиб борилаётган амалий ишларга тўхталиб ўтди.

Кейинги йилларда ёшлар сиёсатига доир юздан зиёд қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинди. Ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари янада мустаҳкамланди ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асоси такомиллаштирилди.

– Ушбу ислоҳотлар Янги Ўзбекистонда ёшлар масаласи том маънода давлат сиёсатига айланганидан далолат беради, – деди Т.Норбоева. – Мамлакатимизда 30 ёшгача бўлган ёшлар 19 миллиондан ортиқ бўлиб, жами аҳолининг 60 фоизга яқинини ташкил қилади. Бу каби кўрсаткич ҳар қандай ривожланган ва ривожланаётган давлат учун беқиёс бойлик манбаи ҳисобланади. Президентимиз ташаббуси билан барча йўналишлар, жумладан, таълим, тадбиркорлик, ижтимоий кўмак ва бошқа соҳаларда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласи янги даражага олиб чиқилди.

Олий таълим қамрови кейинги 6 йилда 4 баробарга ошди (9 фоиздан 38 фоизга). 151 минг талабага 1,7 триллион сўм имтиёзли таълим кредити берилди.

Ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этишга қаратилган мутлақо янги тизим – “Ёшлар дафтари” жорий этилди. Шу йилнинг ўзида 282 минг ёшларга 416 миллиард сўмлик ёрдам кўрсатилди. Республика бўйича ёшларнинг 124 минг нафари касб-ҳунарга, 133,8 минг нафари тадбиркорликка ўқитилди.

Ёшлар тадбиркорлигини кредитлашнинг янги тизими йўлга қўйилиб, 253 минг 789 нафар ўғил-қизга 6,2 триллион сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилди.

Ушбу амалий ишлар натижасида 30 ёшгача бўлган тадбиркорлар 8 баробарга кўпайиб, уларнинг сони 750 мингдан ошди. Ёшларимиз ҳам яратилган мазкур имкониятлардан унумли фойдаланиб, жамиятда ўзини тўла намоён этмоқда.

Мамлакатимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб келаётган истеъдодли, фидойи ёшларнинг 758 нафари турли давлат мукофотларига сазовор бўлган.

Сенат Раиси мулоқот давомида ёшларнинг айрим масалаларга алоҳида эътибор қаратиши лозимлигига тўхталди.

Хусусан, маҳаллий кенгашлар ва парламентда кўриб чиқилаётган қонунлар бўйича ёшлар ўртасида жамоатчилик муҳокамаларини ташкил этиш, ёшлар ўзларининг муҳим масалалари юзасидан фикрлари, ғоялари ва таклифларини Ёшлар парламентидаги вакиллари орқали Сенатга ва унинг қўмиталарига етказиб боришлари зарур. Ёшлар сиёсати соҳасидаги халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш, хорижий мамлакатлар ёшлари билан алоқалар ўрнатиш, ўзаро тажриба алмашиш, шунингдек, ёш депутатлар салмоғини ошириб бориш мақсадга мувофиқ.

Мулоқотда тадбир иштирокчилар сўзга чиқиб, самарали ишлар ҳамда унинг ёшлар ҳаётидаги ўрни ҳақида фикр билдирди. Шунингдек, Сенат билан ўзаро ҳамкорлик олиб бориш ҳамда доимий алоқада бўлиш юзасидан қатор таклифлар илгари сурилди.

Н.Абдураимова, ЎзА