Қорақалпоғистон санъат саройида “Алғыс-2023” маданият ва санъат соҳасидаги йилнинг энг фаолларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев сўзга чиқиб, Президентимиз ташаббуси билан маданият ва санъат соҳасини қўллаб-қувватлаш, ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ва кўрсатилаётган ғамхўрликларга тўхталиб ўтди. Ўтган қисқа давр ичида соҳага оид бир қатор фармон ва қарорларнинг қабул қилиниши ишлар кўламини янги босқичларга кўтармоқда. Айниқса, Қорақалпоғистон бўйича алоҳида қабул қилинган қарорлар миллий маданиятимиз билан санъатимизни янада ривожлантиришда катта аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 8 майдаги “Қорақалпоғистон Республикасида маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида 2021-2024 йилларда Қорақалпоғистон Республикасида маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Жорий йилнинг 10 июль куни “Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузурида маданият ва санъатни қўллаб-қувватлаш жамғармасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорнинг қабул қилиниши давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистонга, унинг маданияти ва санъатига бўлган алоҳида эътиборининг яққол намунаси бўлди десак, янглишмаймиз.
Тантанали маросимда маданият ва санъат соҳасида фидойилик қилиб келаётган бир қатор соҳа вакиллари, нуроний-устозлар ва ёшлар “Фидойи меҳнатлари учун”, “Миллий рақс санъатини ривожлантиришдаги хизматлари учун”, “Йилнинг энг фаол ижодкорлар жамоаси”, “Ёшларни тарбиялашдаги фаоллиги учун” каби 26 та номинация бўйича “Алғыс-2023” мукофоти, диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Тадбир маданият ходимлари томонидан тайёрланган концерт дастури билан давом этди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),
ЎзА мухбирлари