Нукусда ўқитувчилар қурултойи юқори савияда ташкил этилди.
“Устоз – таълим бунёдкори” шиори остида ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Фарҳод Эрманов, Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги директори Aлишер Уббиев ва бошқалар иштирок этиб, мамлакатимизда таълим тизимини ислоҳ қилиш, касб-ҳунар таълимини такомиллаштириш, таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, педагогларнинг маоши ва касбий малакасини ошириш, иш шароитини яхшилаш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишларга эътибор қаратишди. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади” деган эзгу ғояси асосида мамлакатимизда Учинчи Ренесcанс пойдеворини яратиш ва миллий юксалишни таъминлашнинг аниқ чора-тадбирлари амалга оширилмоқда. Натижада янгича мазмун ва шаклдаги Президент ҳамда Ижод мактаблари фаолият олиб бормоқда.
Самимий мулоқот шаклида давом этган тадбирда жорий йилда амалга оширилган ишлар билан бир қаторда, келгусида мўлжалланган режалар атрофлича муҳокама этилди.
Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг “Мен доимо таълим, таълим, муаллим, муаллим, деб таъкидлашим бежиз эмас. Чунки таълимни ривожлантирмасдан туриб, юксак тараққиётга эриша олмаймиз…”, — деган халқчил эътирофи ҳар бир ўқитувчи қалбига ифтихор бағишлаши, уни янада масъулият билан ишлашга ундаши табиий. Ушбу юксак эътибор натижасида педагогларнинг ойлик маоши босқичма-босқич ошиб бормоқда. Ҳозир мамлакатимиздаги 30 минг нафарга яқин, шундан 1200 нафар қорақалпоғистонлик ўқитувчи юқори ойлик маоши олиб келаётгани ҳам фикримиз тасдиғидир.
Қурултой доирасида 120 нафардан ортиқ ўқитувчи ва устозлар иштирокида бошланғич таълим, аниқ фанлар, табиий фанлар, она тили ва адабиёт йўналишлари бўйича семинар-тренинглар ташкил этилди.
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида узоқ йиллик самарали меҳнати ва жамоат ишларидаги фаоллиги учун бир гуруҳ ўқитувчиларни тақдирлаш маросими ўтказилди. Унинг доирасида 7 нафар устоз “Таълим аълочиси” кўкрак нишони, 10 нафар ўқитувчи эса Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланди.
Тадбир иштирокчиларига санъат усталарининг концерт дастури намойиш этилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),
ЎзА мухбирлари