Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида Нукус шаҳрининг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини орттириш, фуқаролар йиғинларида тадбиркорликни ривожлантириш, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш, ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда фаоллик кўрсатиб келаётган маҳалла бешлигини мукофотлаш мақсадида “Ҳурмат-2023” тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев иштирок этиб, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан маҳаллаларнинг инфратузилмасини ривожлантириш, аҳолининг фаровон ҳаётини таъминлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга тўхталди.
Дарҳақиқат, мамлакатимизни барқарор ривожлантириш, халқимиз фаровонлигини юксалтириш, фуқароларимиз ҳаётдан рози бўлиб, эртанги кунга қатъий ишонч билан муносиб ҳаёт кечиришини таъминлашда жамиятнинг энг муҳим бўғини ҳисобланган маҳалла инс¬титутитининг ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда.
Президентимизнинг 2022 йил 23-24 февраль кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида берилган топшириқлар ва кенгайтирилган тарзда ўтказилган мажлис баёни ижросини таъминлаш бўйича Нукус шаҳридаги маҳалла фуқаролар йиғинларида қурилиш ва ободонлаштириш, тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди. Нукус шаҳрига бириктирилган Тошкент шаҳри маҳаллий бюджети қўшимча манбалари ҳисобидан 38 та маҳалла фуқаролар йиғини биносини янгидан қуриш, реконструкциялаш ва таъмирлаш ишларини олиб бориш учун 31 миллиард 312 миллион сўм маблағ ажратилиб, бугунги кунга 3 та маҳалла фуқаролар йиғинининг биноси фойдаланишга топширилди. Уларда фаолият олиб борадиган маҳалла бешлигига барча шароит яратиб берилди. Йил бошидан буён 11 та ижтимоий объект, 22 болалар ва спорт майдончаси қуриб битказилди. Шунингдек 13 та маҳалла аҳолисининг “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали ғолиб бўлган лойиҳалари асосида барпо этилган объектлар фойдаланишга топширилди.
Давлатимиз раҳбарининг қарори билан Нукус шаҳридаги 71 та маҳалла фуқаролар йиғинининг ҳар бирига 500 миллион сўмдан, жами 35 миллиард сўм маблағ ажратилди. Натижада шаҳар ҳудудидаги муаммоларни ўрганиш бўйича тегишли тартибда Ишчи гуруҳлар ташкил этилиб, кўча бошилари ва фаолларнинг фикр-таклифлари асосида 450 та объектнинг манзилли рўйхати шакллантирилди. Ушбу ишларнинг амалга оширилиши орқали муаммолар ўз ечимини топиб, аҳоли ҳаётининг янада яхшиланишига ижобий таъсир кўрсатади.
Президентимизнинг 2021 йил 3 декабрдаги “Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича давлат сиёсатининг устувор йўналишлари тўғрисида”ги фармони асосида мутлақо янги тизим – ҳар бир маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга масъул “ҳоким ёрдамчиси”, ёшлар билан ишлаш, уларнинг муаммоларини ҳал қилишга масъул “ёшлар етакчиси” ва хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга масъул “хотин-қизлар фаоли” институтлари жорий этилди. Ўтган йили хонадонларнинг иқтисодий-ижтимоий аҳволи тўлиқ хатловдан ўтказилиб, ҳар бир маҳалланинг “ўсиш нуқталари (драйвери)” аниқлаб олинди. “Маҳаллабай” ишлаш тизими орқали ишсиз 12 минг 317 фуқародан 8 минг 29 нафарининг ажратилган кредит ҳамда субсидия асосида бандлиги таъминланган бўлса, жорий йилда 15 минг 171 нафар ишсиз фуқародан 13 минг 456 нафарининг бандлигини таъминлаш учун 110 миллиард 884 миллион сўм имтиёзли банк кредити ажратилди.
Тадбирда “Энг намунали маҳалла фуқаролар йиғини”, “Энг намунали маҳалла фуқаролар йиғини раиси”, “Энг намунали ҳоким ёрдамчиси”, “Энг намунали маҳалла хотин-қизлар фаоли”, “Энг намунали маҳалла ёшлар етакчиси”, “Энг намунали профилактика инспектори”, “Энг намунали депутат”, “Фидойи тадбиркор”, “Энг осойишта маҳалла” каби номинациялар бўйича ғолиблар тақдирланди.
–Давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистон Республикасига алоҳида эътибори натижасида сўнгги йилларда маҳаллаларда катта ишлар амалга оширилди, – дейди “Энг намунали маҳалла фуқаролар йиғини” номинацияси ғолиби, “Науқан бағ” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Замира Айтбаева. – Ушбу эътироф маҳалла бешлигига янада масъулият юклайди ва ишончни оқлашга ҳаракат қиламиз.
Иштирокчиларга санъат усталарининг концерт дастури намойиш этилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),
ЎзА мухбирлари