Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоиловнинг Хитой Халқ Республикаси Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши Доимий қўмитаси Раиси ўринбосари Чжан Синвей бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда делегация аъзоларига «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида белгиланган устувор вазифалар, унинг доирасида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, янги таҳрирдаги Конституция нормаларини рўёбга чиқариш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳамда Қонунчилик палатаси фаолиятининг асосий йўналишлари ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.

Ўз навбатида, Чжан Синвей сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган мувозанатли, очиқ ва конструктив ташқи сиёсат халқаро ҳамжамият томонидан юқори баҳоланаётганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, парламентлараро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, шу йўналишдаги мулоқотларни кўпайтириш ҳар томонлама фойдали эканини қайд этди.

Шу билан бирга, бугунги геосиёсий ва геостратегик мураккаб вазият минтақавий хавфсизликни таъминлаш, мамлакатлар ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашни тақозо этаётгани, бу йўлда икки мамлакатнинг узвий ҳамкорлиги устувор аҳамиятга эга экани алоҳида таъкидланди.

Чжан Синвейнинг фикрича, икки давлат тараққиётининг муҳим босқичида ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, энергетика, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ислоҳотларни жадал ривожлантиришга қаратилган ишлар муҳим ўрин тутади.

Ўзбекистон минтақадаги иқтисодиёти йирик мамлакатлардан бири эканлиги, бу ялпи ички маҳсулотнинг ўсишида ҳам яққол намоён бўлаётгани алоҳида эътироф этилди.

Учрашувда Ўзбекистон — Хитой ўртасидаги парламентлараро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, норма ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорлик, транспорт-коммуникация, туризм ва бошқа соҳалардаги алоқалар кўламини янада кенгайтириш масалалари хусусида ҳам сўз юритилди.

М.Комилова,  

ЎзА