Ўзбекистон ва Хитой давлатлари ўртасидаги алоқалар дўстлик ва ҳар томонлама стратегик шериклик асосида ривожланиб бормоқда. Бунда олий даражадаги фаол сиёсий мулоқот муҳим аҳамият касб этаётир.

Кейинги 5 йилда мамлакатларимиз ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми икки бараварга ўсиб, 9 миллиард доллардан зиёдни ташкил этди. Бу даврда Хитой сармояси ҳажми ҳам 5 баробар, компаниялар сони эса 3 баробар ошди.

Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева ва Бутунхитой халқ вакиллари кенгашининг доимий қўмитаси раиси ўринбосари Чжан Цинвэй учрашувида шу ҳақда гап борди. Ўзбекистон ва Хитой муносабатларининг кенг доираси, хусусан, сиёсий савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалар бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Мулоқот давомида биргаликда инновацион ва технологик қувватларни яратиш, хусусан, автомобилсозлик, яшил энергия, ақлли қишлоқ хўжалиги, сувни тежайдиган технологияларни ишлаб чиқариш соҳаларида лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди.

Ўзаро муносабатларнинг яна бир муҳим йўналиши сифатида минтақалараро ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига эътибор қаратилди. Жорий йилнинг ўзида амалга оширилган ташрифлар натижасида умумий қиймати 3,5 миллиард долларлик юздан ортиқ сармоявий битим ва шартномалар бўйича келишувга эришилгани мамнуният билан қайд этилди.

Шунингдек, маданий-гуманитар ҳамкорлик, биринчи навбатда, таълим, фан ва технология, маданият ва туризм соҳаларини янада ривожлантириш лозимлиги ҳақида якдил фикр билдирилди.

Томонлар чуқур ва ўзаро манфаатли шериклик асоси сифатида икки мамлакат парламентлари ўртасидаги ҳамкорлик муҳимлигини таъкидлаб, мазкур йўналишда кейинги йилларда фаоллик кузатилаётгани, муносабатларни амалий лойиҳалар билан янада бойитиш лозимлигига тўхталди.

Парламент делегацияларининг ташрифларини фаоллаштириш, қўшма тадбирлар ўтказиш, маҳаллий бюджетлар ижроси устидан парламент назоратини амалга оширишда ўзаро тажриба алмашиш, шунингдек, тадбиркорликни ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш, “яшил иқтисодиётга” ўтиш, сув ресурсларини муҳофаза қилиш каби йўналишларда ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишиб олинди.

Н.Абдураимова, ЎзА