Германиянинг Халле шаҳрида ўтказилган «Литий кунлари-2023» халқаро анжумани доирасида Ўзбекистон тоғ-кон саноати ва геология салоҳиятига бағишланган тадбир ҳам уюштирилди.

Мамлакатимизнинг Германиядаги элчихонасининг маълум қилишича, ушбу нуфузли тадбирда Ўзбекистон 2023 йилнинг ҳамкор мамлакати сифатида иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, мамлакатимизнинг Берлиндаги элчихонаси ҳамда Германиянинг Литий-Институти ва “Паппенбург” компанияси ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманга литий ишлаб чиқариш соҳасига ихтисослашган компаниялар ва халқаро экспертлар, сиёсий доира вакиллари, инвесторлар, илмий-тадқиқот институтлари олимлари таклиф этилди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган изчил ислоҳотлар, юртимиз ер ости қазилма бойликлари, хорижий инвесторлар учун яратилган шароитлар ушбу соҳа равнақида муҳим аҳамият касб этади.

Унда Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Эдуард Кинсбрунернинг “Марказий Осиёнинг ўсиб бораётган бозори – Ўзбекистон диққат марказда” мавзусидаги тақдимоти немис инвесторлари ва ишбилармон доира вакилларини Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти ва ҳамкорлик йўналишлари билан таништиришга қаратилди. Шунингдек, Марказий Осиё барқарор инновациялар бюроси (CASIB) вакили Питер Либельт ўз маърузасида Германия таълим ва тадқиқот федерал вазирлиги томонидан молиялаштириладиган Германия ва Ўзбекистон ўртасидаги илмий-тадқиқотлар соҳасидаги ҳамкорликка бағишлади.

Таъкидлаш жоизки, иқлим ўзгаришларига қарши курашиш ва бу йўлда “яшил” иқтисодиётга ўтиш мақсадида саноати ривожланган давлатлар ички ёнув двигателлари асосида ҳаракатланадиган транспорт воситаларидан воз кечиб, электромобиллар ишлаб чиқаришга эътиборни қаратмоқда. Жумладан, Европа Иттифоқи 2035 йилга қадар босқичма-босқич анъанавий двигателдан воз кечишни режалаштирган.

– Бугун биз чин маънода Литий кунининг 3 йиллигини нишонламоқдамиз, чунки мазкур халқаро анжуманга бутун дунёдан экспертлар, мутахассислар, ишлаб чиқарувчилар иштирок этди, – деди Германия Литий-Институти (Deutsches Lithiuminstitut GmbH) менеджери Ульрих Блум. – Муқобил энергияга ўтиш даврида мазкур модда хомашё сифатида муҳим аҳамият касб этади. Германиянинг ўзида бугун қурилиш соҳасида гипс ишлаб чиқариш 55 фоизга, цемент учун зарур шлак ишлаб чиқариш 20 фоизга камайтирилди. Буларнинг ўрнини литий моддаси эгалламоқда. Биз Германия Литий-Институти ва Паппенбург фирмаси вакиллари яқинда Ўзбекистонда бўлиб, литий конларидан намуналар олиб келдик. Таҳлил натижаларига кўра, бу турдаги литийдан аккумляторлардан ташқари кўплаб соҳаларда фойдаланиш мумкин. Бу ҳамкорлик нафақат ўзаро иқтисодий манфаатларга хизмат қилади, балки келажакда халқаро тинчликпарвар сиёсатга асосланган ривожланишга ҳам ўз ҳиссасини қўшади.

Тадбирда қайд этилганидек, электромобиллар, электротехникалар аккумляторларини тайёрлаш учун муҳим хомашё саналган литий муқобил энергияга ўтишда муҳим ҳисобланади. Бу эса, ўз навбатида, жаҳон бозорида ноёб литий металига бўлган талабнинг ошишига олиб келмоқда. Мамлакатимизнинг тоғ-кон саноати соҳасидаги мавжуд салоҳияти халқаро ҳамкорликнинг янги қирраларини очиш имконини беради.

Германия Хомашё агентлиги (DERA) илмий ходими Михаил Шмидтнинг сўзига кўра, Ўзбекистон бундай муҳим халқаро анжуманга ҳамкор мамлакат сифатида таклиф этилгани жуда қувонарлидир.

– Бугунги маърузамда таъкидлаганим каби Германия, умуман Европа саноати соҳасида литий энг муҳим хомашё саналади. Ўзбекистон эса литий каби муҳим фойдали қазилмаларга эга мамлакат, шу сабабли икки мамлакат ўртасида тоғ-кон соҳасида ҳамкорлик истиқболлари катта. Ўзбекистон ҳукумати, Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда Германиянинг геология федерал вазирликлари ўртасида дастлабки музокаралар олиб борилди, геология соҳасида лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди. Бугун Ўзбекистонни келажакдаги муҳим ҳамкор мамлакат сифатида анжуманга таклиф этилганлигини келишувлар ижросининг биринчи қадами сифатида баҳолаш мумкин, – деди Михаил Шмидт.

Шунингдек, анжуманда мамлакатимиз туризми салоҳиятини акс эттирувчи тарқатма материаллар ва қўлланмалар ҳам тарқатилди. Иштирокчилар тадбир якунида ўзбекона тарзда безатилган дастурхонга таклиф этилди.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА