Кунлик ва режадаги зарур нарсани харид қилиш ойлик маошга боғлиқ. Кейинги йилларда юртимиз аҳолисининг эҳтиёжи ортган. Харид қилиш ҳам шунга яраша бўляпти.

Шунданми, бугун деярли ҳар бир хонадонда кондиционер, кир ювиш машинаси, чангютгич ва бошқа рўзғор учун зарур техникалар бор. Агар бундан 10 йил олдинги давр билан таққосласак, ҳозирги кунда енгил машинаси йўқ хонадонлар камчиликни ташкил этади. Эътиборлиси, фуқароларимиз фаровон яшаш мақсадида турмуш тарзини замон талабига мослаштирмоқда.

Хўш, ўтган йиллар мобайнида қайси соҳа вакилларининг ойлик маоши кўпроқ ошган?

Ушбу саволга жавобни Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти томонидан ўтказилган таҳлилдан излаймиз. Унга кўра, илмий муассаса экспертлари 2016 йил нархларига нисбатан Ўзбекистон иқтисодиёти тармоқларида реал ойлик маошнинг ўсиш суръатини ўрганган.

Таҳлил натижалари шуни кўрсатадики, таҳлил даврида молия 167,5 фоиз, ахборот технологиялари – IT 91 фоиз, соғлиқни сақлаш 44,2 фоиз ва логистика 40 фоиз каби соҳаларда реал ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори ўсиш суръати кузатилган.

Реал ўртача ойлик иш ҳақи савдо 0,2 фоиз, қурилиш 16 фоиз ва санъат 17,1 фоиз каби тармоқларда нисбатан секин ўсган. 2016 йил нархларига нисбатан реал иш ҳақи 52,6 фоизга ошган.

Шунингдек, МҲТИ мутахасcислари молия, IT ва логистика каби соҳаларда ўқитишни таклиф қилувчи 45 та таълим маркази фаолиятини ҳам ўрганди. Унга кўра, молия курсларининг ўртача давомийлиги 4 ойни, ойлик тўлов миқдори эса ўртача 1 миллион сўмни ташкил этган.

Демак, молия мутахассислиги бўйича ўқиб, ушбу соҳада ишга жойлашганлар ўртача 4 миллион сўм сарфлаб, кўпи билан 1,5 ой ичида таълимга сарфлаган харажатини қоплай олади.

IT курсларининг ўртача давомийлиги 6,5 ойни, ўртача тўлов миқдори ойига 1,5 миллион сўмни ва ишга қабул қилинганидан сўнг, ўқитиш харажатлари ўртача 2-3 ой ичида қопланади.

Диспетчернинг ўқиш муддати ўртача 1 ойни, курсларнинг нархи эса ўртача 2,3 миллион сўмни ташкил этади. Баъзи ўқув марказлари курсларни аъло натижалар билан тугатган битирувчиларга иш ўрни ҳам таклиф этади.

Бугунги кунда логистика соҳаси мутахассислари ўртача 6 миллион сўм ойлик маош олади. Уларнинг аксарияти масофадан туриб ишлайди.

Хулоса шуки, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларни тезкорлик билан эгаллаш ва бунинг учун ўқув курсларида таҳсил олиш турмуш шароитини яхшилашдаги энг муҳим омилдир.

 

Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА