Шу кунларда Ўзбекистон илм-фанида муҳим сана – Ўзбекистон Фанлар академияси ташкил топганининг 80 йиллик юбилейи кенг нишонланмоқда. Шу муносабат билан “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида байрам тантанаси бўлиб ўтди.

Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси 80 йиллиги муносабати билан йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди. Фахрий меҳмонлар, халқаро миқёсдаги нуфузли олимлар, хорижий давлатлар фанлар академиялари президентларига табрик сўзлари берилди.

— 80 йил мобайнида Фанлар академияси катта ва мураккаб йўлни босиб ўтди, — дейди Фанлар академияси президенти Беҳзод Йўлдошев. — Шу давр мобайнида Фанлар академияси умумэътироф этилган, жаҳон илмий жамоатчилигининг нуфузи ҳамда ҳурматини қозонган илм-фан марказига айланди.

Ўзбекистон илм-фани узоқ йиллик тарихга эга бўлиб, бу заминда Хоразмий, Фарғоний, Фаробий, Маҳмуд Замахшарий, Беруний, Ибн Сино, Имом Бухорий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Бобур сингари буюк мутафаккир ва олимлар жаҳон фани ва маданияти тарихидан абадий ўрин олди.

Шу боисдан Иккинчи жаҳон уруши авжи қизиган кезларда – 1943 йилнинг 4 ноябрида Ўзбекистон Фанлар академиясининг барпо этилиши минг йилликларга дахлдор ўзбек илм-фанида янги бир даврнинг бошланиши бўлди.

Фанлар академиясининг бугуни ҳақида сўз юритадиган бўлсак, юртимизда том маънода дунёга машҳур алломаларнинг издошлари етишиб чиқмоқда. Хусусан, илм йўлида изланаётган ёшларимизнинг бир қанчаси TWAS (Жаҳон фанлар академияси) академиясининг қатор мукофотларини қўлга киритган. Жумладан, ўзбек математикларидан 4 нафари Жаҳон фанлар академияси академиги, 6 нафари TWAS’нинг ёш олимлар бўлими аъзоси саналади.

Академия олимлари сафига тиришқоқ ёшлар қўшилишда давом этмоқда. Улар ўзбек илм-фанининг келажагидир. Қолаверса, ёшларнинг илмий тадқиқотини қўллаб-қувватлаш, уларга кўмаклашишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Уларнинг илмий изланиши асосида маҳаллий хомашёдан импорт ўрнини босувчи, экспортбоп кўплаб маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Жумладан, олимларимиз моносилан ва поликристалл кремний олишнинг янги технологиясини яратишга муваффақ бўлди. Мазкур ишланма Ўзбекистон, АҚШ, Япония, Жанубий Корея, Хитой, Тайван ва Европа Иттифоқи мамлакатларида патент билан ҳимояланган.

Шунингдек, тадбир давомида Фанлар академияси ташкил этилиши ва ривожланиши ҳамда мустақиллик йилларида фаннинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши, илмий-тадқиқот фаолиятини такомиллаштиришга бағишланган “Учинчи Ренессанс пойдевори” номли ҳужжатли фильм ҳамда Ўзбекистон санъат усталарининг концерт дастури намойиш этилди.

Эртага, 13 декабрь куни Фанлар академиясида юбилей тадбирларга ташриф буюрган чет эллик меҳмонлар, фанлар академиялари президентларининг ҳамкорлик масалаларига бағишланган давра суҳбати ташкил этилади.

Н.Раҳмонова, А.Содиқов (видео), ЎзА