Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтмоқда. Унда бир қатор қонун лойиҳалари ва парламент назоратига оид бошқа масалаларни муҳокама қилиш кўзда тутилган.

Дастлаб депутатлар “Айрим тоифадаги жиноий қилмишлар учун жавобгарлик либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқди.

— Учувчисиз учадиган аппаратлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилиши чекланган товарлар қаторига киради, — деди депутат  Ойбарчин Абдуллаева. — Уларни республика ҳудудига қонунга хилоф равишда олиб кириш, шунингдек, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш учун жиноий жавобгарлик белгиланган бўлиб, бунда уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган. Таҳлиллар учувчисиз учадиган аппаратларни, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини қонунга хилоф равишда республика ҳудудига олиб кириш ҳолатлари фуқароларнинг қонунчилик талабларини билмаслиги натижасида содир этилаётганини кўрсатмоқда. Шу билан бирга, учувчисиз учадиган аппаратлар айрим соҳалар ва тадбирларда қўлланилиши фуқаролар орасида бундай мосламалардан фойдаланиш мумкин деган янглиш фикрни ўйғотмоқда.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳасида республика ҳудудида учувчисиз учадиган аппаратлардан ноқонуний фойдаланишни биринчи марта содир этган шахсларга нисбатан жиноий жавобгарлик ўрнига маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда. Бу каби ҳуқуқбузарликларни такрор содир этганлик учун жиноий жавобгарлик жазо чораларини енгиллаштириш назарда тутиляпти.

Мазкур қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида ишчи гуруҳ аъзолари, ҳуқуқшунослар, экспертлар иштирокида бир қатор тадбирлар, давра суҳбатлари ўтказилди. Фракция ва қўмиталарда муҳокама қилинди ҳамда билдирилган таклифлар асосида қонун лойиҳаси такомилига етказилиб, пишиқ-пухта ҳолатга келтирилди.

Шу билан бирга, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда учувчисиз учадиган аппаратларни, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини ўз ихтиёри билан топширган шахслар маъмурий жавобгарликдан озод қилиниши белгиланди.

Лойиҳани моддама-модда кўриш давомида ўртага ташланган саволларга жавоб қайтарилди. Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова,  

ЎзА