Мамлакатимизда пахта-тўқимачилик кластерларини янада ривожлантириш, фермер хўжаликларида “Better Cotton” тамойилига асосланган тизим стандартларини жорий этиш борасида ҳамкорлик мустаҳкамланади.

Олий Мажлис Сенати Раиси, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси раиси Танзила Норбоеванинг “Better Cotton Initiative” (BCI) халқаро нотижорат ташкилоти дастурлари катта директори Дэмиен Санфилиппо билан учрашувида айнан шу масала муҳокама қилинди.

Суҳбат чоғида фуқаролик жамиятининг фаол иштирокида халқаро меҳнат стандартларини жорий этиш ва муносиб меҳнат тамойилларини тарғиб қилиш йўналишида амалга оширилаётган ишларга эътибор қаратилди.

Маълумки, тўқимачилик саноатига халқаро стандартларни жорий этиш учун Миллий комиссия доирасида BCI стандартларининг интеграциялашув чора-тадбирларини ўз ичига олган алоҳида “Йўл харитаси” қабул қилинган ва ижроси таъминланмоқда.

Учрашувда Миллий комиссия таркибидаги вазирлик ва идоралар, шунингдек, BCI ва бошқа халқаро экспертлар иштирокида фаолият юритувчи кўп томонлама Маслаҳат кенгашининг фаолияти доирасида қилинадиган ишлар юзасидан фикр алмашилди.

“Better Cotton” халқаро ноҳукумат ташкилоти кўмагида Ўзбекистонда фаолият юритаётган Маслаҳат кенгаши манфаатдор томонлар, жумладан, давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, бизнес ва жамоатчилик вакиллари ўртасида мулоқотни ташкил этиш учун доимий платформа вазифасини бажармоқда.

Дэмиен Санфилиппо Ўзбекистон халқаро майдонда ўзига жалб этувчи мамлакат бўлиб бораётганини қайд этди. Нуфузли брендларнинг мамлакатдаги пахта-тўқимачилик кластерлари билан ҳамкорлик қилишга қизиқиши юқори экани, кўп томонлама мулоқот ўрнатишда Ўзбекистон бошқа давлатларга яхши намуна бўла олиши алоҳида таъкидланди.

Учрашув якунида халқаро меҳнат стандартларини жорий этиш соҳасида янги қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш орқали ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга келишиб олинди.

Н.Абдураимова, ЎзА