Жанубий Қозоғистон области маркази Чимкент шаҳрида кунига 20 минг йўловчига хизмат кўрсатиш имконига эга янги темирйўл вокзали қурилади.
ҚазАқпарат хабарига кўра, “Ғарбий Европа – Ғарбий Хитой” халқаро автомобиль коридори яқинида қуриладиган вокзалнинг умумий майдони 16 гектарни ташкил этади. Лойиҳада меҳмонхона, вокзал маъмурий биноси, 1000 автомобилга мўлжалланган тураргоҳ барпо этиш кўзда тутилган.
Лойиҳа раҳбари замонавий вокзал 2020 йилда фойдаланишга топширилиши режалаштирилганини маълум қилди. Мутахассислар янги вокзал қурилиши йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатининг ошиши, ҳудудга сайёҳлар оқими кўпайишига хизмат қилишига ишонч билдирмоқда.
Жанубий Қозоғистон области ҳокими тегишли мутасадди ташкилот раҳбарларига лойиҳани амалга ошириш учун ҳаракатларни бошлашни топширган.
ЎзА