Оролқумда яшовчи боланинг бобоси эртак айтди. Бир вақтлар тўлиб-тошиб турган денгиз ҳақида. Энди бола челакда сув кўтариб, Оролнинг қумга тўлган бағрига сув қуяр, митти юрак орзулари эса уни уйғотолмасди. Бир челак сув бола кўнглига, унинг дарё-дарё орзулари эса Оролга умид берди. Кун сайин бепоён кенгликка айланиб бораётган Орол бағри қурий бошлади, бола умидлари сўна бошлади. У келажакда денгизчи бўлмоқчи эди…
Ўрозбой Абдураҳмоновнинг “Орол қандай қуриди” номли китобида шундай сўзлар келтирилган: “Денгиз қирғоғидан тобора олислаб бораётган оқ кемани кўрганмисиз? Хайрлашаётиб юракларда айрилиқ туйғулари нақадар жўшади. Келинг, яна бир бор кўз олдингизга келтиринг, оқ кема қирғоқдан олислаб кетмай, аксинча денгизнинг ўзи оқ кемани қирғоқда етим қолдириб, сувлари тортилиб, кўз олдингизда ғойиб бўлади…”
Бизга ўтилаётган дарслар ичида экология фани бор. Табиатни асраш ҳақидаги фан. Атроф-муҳитнинг ифлосланиши, маҳаллий, минтақавий, глобал муаммолар… барини йил давомида ўрганиб бордик. Уларнинг ичида Орол денгизи муаммоси – умумий дардимиз эди.
Орол ҳақида ёзиш одамни ўйга толдиради. Қани эди қоғоз қоралаш билан у сувга тўлса, қайтадан тўлқинлар мавжланса, ўша биз соғинган оқ кемаларнинг елканлари яна кўтарилса…
Орол… Кўз олдингда йўқолиб бораётган бебаҳо хазина. Тўрт томони чўл, тўрт томони қуёшдан товланиб турувчи қум зарралари. Чўлда кетаётган одамнинг жонига оро кирувчи ҳам мана шу денгиз шабадаси. Унга келадиган, унинг бағрини тўлдириб турадиган нажот эса Амударё ва Сирдарё.
Оролнинг тарихини билмаган ким бор, унинг ўтмишидан ким бехабар?! Ярага туз сепгани каби бир сесканади киши. Лекин айнан мана шу ўтмиш денгиз номини ўзгартирди, айнан мана шу тузлар денгиз бағрини сув ўрнига тўлдирди.
Олтмишинчи йиллардан бошлаб Орол биздан узоқлаша бошлади. Икки дарёнинг суви ҳисобсиз суғоришга сарфланди.
1989 йили Оролнинг бағри, қорақалпоғистонликларнинг эса юраги иккига – катта ва кичик Оролга бўлинди.
Оролбўйи аҳолиси эрта тонгдан юзларига шамол келтирган туз билан уйғонишди, ҳайвонот олами тузланиш деган касалликдан йўқ бўла бошлади. Чунки гиёҳларнинг япроқларида томчи шудринглар ўрнига тузлар қўним топди, энди денгизнинг майин ва соф шабадаси соғинчли ўтмишга айланди, аввалги тўлқинлар овозини сукунат эгаллади.
Одамлар денгиз қуриди эмас, у кетиб қолди, бизни ташлаб кетиб қолди, дея таъкидлашарди. Денгиз – бу халқнинг нони эди!
Бир неча йил аввал мутахассислар томонидан шаҳарлар бўйича бир кунда неча литр сув ишлатилиши бўйича ҳисоб-китоблар олиб борилди. «Москвада 150 литр, Берлинда 200 литр, Тошкентда эса 700 литр». Ажаб… Бу ҳар бир одам бошига бир суткалик сув сарфи. Лекин аслида бундай ҳисоб-китобларда ўртача натижа олинади… Оролбўйи халқларининг кўрсаткичи атиги 5 литр… Бу Оролга хиёнатдек туюлди, назаримда.
2017 йил май ойи натижаларга кўра, юртимизда ерости сувларининг ярмидан кўпи тугаш хавфи остида эканлиги эълон қилинди. Ер устидаги денгизимизнинг кетиб қолиши, ер ости сувларимизнинг тобора камайиб бориши – нафақат табиатга, балки келажакка ҳам хиёнат эмасмикан? Бунинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 4 майдаги “2017-2021 йилларда ер ости сувлари захираларидан оқилона фойдаланишни назорат қилиш ва ҳисобга олишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланганлиги кўнгилга таскин беради, халқимизга одамларимизга яна бир масъулият юклайди. Ахир сувни асраш бу келажакни асраш, дегани.
2017 йилнинг 1 июлида Мўйноққа “Қўнғирот – Мўйноқ магистрал сув тармоғи” етиб келди. Барчамизга маълум, Президентимиз томонидан 2017-2021 йилларга белгиланган Оролбўйи минтақасини ободонлаштириш ва Мўйноқ туманини 2017-2018 йилларда иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича махсус қарорлар қабул қилинди. Улар асосида Мўйноқ кутган кунлар келди, янгиланишлар, ўзгаришлар юз берди. Беш ойда 101 километр йўл босиб келган қувур мўйноқликлар учун тоза ичимлик сувини олиб келди, чексиз қувонч ва умид бағишлади. У худдики Оролсиз бўшаб қолган юракларни тўлдирди, қалбларга дарё каби туташди.
Юртимизда қатор жамғармалар, фондлар мавжуд. Биз ўйлаганимиз эса – «Орол мўъжизаси» фонди. Ҳар бир юртдошимизнинг ҳиссаси, фидойилиги, Оролга бўлган далдаси айнан мана шу фондда йиғилса… Тома-тома кўл бўлса, Орол денгиз бўлса… Бу чин маънодаги ўзбек мўъжизаси бўлади!
“Оролнинг жони оролчалар қўлида,
Оролчалар эса одамларнинг кўксида,
Одамларнинг кўкси эса бир-биридан сув ичади”, – деган эди шоир Муҳаммад Юсуф. Одамларнинг кўкси бир-биридан сув ичади… Бир-бирига бўлган меҳрдан сув ичади, энди Оролни ҳам айнан мана шу меҳр билан тўлдириш, қайтариш, тиклаш мумкин.