Тошкентдаги “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда парламентлараро ҳамкорлик бўйича иккинчи глобал форум бўлиб ўтди.

Унда юзга яқин хорижий парламент раҳбарлари ва вакиллари, халқаро парламентлараро ташкилотлар раҳбарлари, халқаро ташкилотлар, хорижий экспертлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Форум аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг анжуман иштирокчиларига йўллаган мурожаатини Сенат раиси Танзила Норбоева ўқиб эшиттирди.

Давлатимиз раҳбарининг мурожаатида айтилганидек, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро ҳамкорлик бўйича глобал форум анъанага айланиб бормоқда.

– Мазкур нуфузли анжуман иккинчи бор юртимизда ўтаётгани биз учун улкан шараф бўлиши билан бирга, Барқарор ривожланиш мақсадлари йўлидаги саъй-ҳаракатларимизнинг халқаро миқёсдаги юксак эътирофи, деб биламиз, – деди Т.Норбоева. – Ишонч билан айтиш мумкинки, барқарор ривожланиш бўйича юқори даражадаги ушбу сиёсий форум мамлакатларнинг эришган натижаларини халқаро ҳамжамиятга етказишда, ўзаро тажриба алмашишда, зарур тавсияларни ишлаб чиқиш ва ташаббусларни илгари суришда муҳим мулоқот майдони бўлиб хизмат қилади.

Маълумки, мамлакатимизда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш борасида улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда, халқаро майдонда илғор ташаббуслар илгари сурилмоқда. Натижада Ўзбекистон бу борада бутун дунёга намуна сифатида кўрсатилмоқда.

Жорий йил ноябрь ойида Ўзбекистонда илк маротаба Барқарор ривожланиш мақсадлари ойлиги ташкил этилди.

Нуфузли анжуманда Парламентлараро иттифоқ Бош котиби Мартин Чунгонг ва ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси Президенти Пиа Каума видеомурожаат билан иштирок этди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари аъзолари, МДҲ Парламент Ассамблеяси раиси Валентина Матвиенко, Туркий давлатлар Парламент Ассамблеяси Бош котиби Мехмет Сурейя Эр, хорижий мамлакатлар парламентлари раҳбарлари, парламентлараро ташкилотлар, Ёшлар парламентлари, давлат органлари, халқаро ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда илмий-тадқиқот муассасалари экспертлари тўғридан-тўғри ҳамда онлайн тарзда иштирок этди.

Қайд этилганидек, Ўзбекистонда барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича мутлақо янги механизм жорий этилди, ҳуқуқий ва институционал ислоҳотлар амалга оширилди. Глобал барқарор ривожланиш мақсад ва вазифалари ҳамда уларнинг индикаторлари миллий хусусиятларимиздан келиб чиқиб, қайта ишланди.

Миллий мақсад ва вазифаларнинг амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссияси тузилди. Барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга оширишда “парламент – ҳукумат – фуқаролик жамияти институтлари” концепцияси яратилди. Бу билан БРМга эришишда манфаатлар мувозанатининг самарали механизми яратилиб, соҳада парламент ва жамоатчилик назорати ўрнатилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан 2022 йил 14 декабрда қабул қилинган БМТ Бош Ассамблеясининг “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги резолюция ҳамда миллий мақсадлар доирасида олиб борилаётган ислоҳотларга алоҳида эътибор қаратилди.

Парламентлараро иттифоқ Бош котиби Мартин Чунгонг ўз видеомурожаатида Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда парламентлараро ҳамкорлик бўйича глобал форум юқори даражада ташкил этилгани учун миннатдорлик билдирди, кўрилаётган масалалар, улардан келиб чиққан таклиф ва хулосалар парламент ҳамда фуқаролик жамияти институтлари фаолиятига ижобий таъсир қилишини айтиб ўтди.

“Глобал форумда БМТ Бош Ассамблеясининг “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда фуқаролик жамияти иштирокини кенгайтириш тўғрисида”ги резолюцияси лойиҳаси муҳокама қилиниши катта воқелик. Ушбу резолюциянинг ташаббускори  бўлган Ўзбекистонга бу ташаббус ва қатъият учун миннатдорчилик билдираман”, деди М.Чунгонг.

Анжуман иши “2030 йилги Глобал кун тартибини самарали амалга оширишга кўмаклашишда парламент ва парламентлараро ҳамкорликнинг роли”, “БРМга эришиш жараёнини тезлаштиришда гендер масалаларига йўналтирилган ва ёшлар сиёсати” ҳамда “2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги кун тартибини амалга оширишда парламент ва фуқаролик жамияти ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик” мавзуларидаги учта сессия доирасида ташкил этилди.

Биринчи сессияда иштирокчилар 2030 йилги кун тартибини амалга оширишда миллий парламентнинг ролини, жумладан, Ўзбекистон ташаббуслари ва ривожлантириш истиқболларини, иккинчи сессияда эса парламент жараёнларида хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтиришда миллий парламентнинг ролини муҳокама қилди.

Учинчи сессияда эса Барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларга эришишда парламент ва фуқаролик жамияти ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларининг Ихтиёрий миллий ҳисоботлар ва муқобил маърузаларни тайёрлашдаги иштироки каби масалалар иштирокчилар эътиборида бўлди.

Бундан ташқари, тадбир давомида мамлакатимизда фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари ташаббуси билан илгари сурилаётган “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда фуқаролик жамияти институтлари иштирокини кенгайтириш тўғрисида”ги  БМТ Бош Ассамблеясининг резолюцияси лойиҳаси муҳокама марказида бўлди.

Форум якуни бўйича Тошкент коммюникеси қабул қилинди.

Норгул АБДУРАИМОВА,

ЎзА мухбири