Бир ярим йилдан кейин пойтахтимиз ёшлар ўртасидаги Осиё ва Параосиё ўйинларига мезбонлик қилади.
“Кичик олимпиада” мақомидаги мазкур нуфузли комплекс мусобақаларни ҳар жиҳатдан юқори даражада ўтказиш, Янги Ўзбекистоннинг спорт инфратузилмасини яратиш борасида кейинги йилларда мисли кўрилмаган ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, мусобақаларни юқори савияда ташкил этиш учун “Олимпия шаҳарчаси” бунёд этилмоқда.
Айни кунларда Марказий Осиёда ягона бўлган ушбу шаҳарчани барпо этиш борасида қизғин ишлар олиб борилмоқда.
Куни кеча Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳамда Миллий олимпия қўмитаси, олий спорт маҳорат мактаблари, спорт федерациялари ва ассоциациялари мутасаддилари иштирокида “Тошкент-2025” ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинлари учун қурилаётган объектлар ва улардан келажакда самарали фойдаланиш бўйича ишлаб чиқилган лойиҳалар муҳокама қилинди.
Учрашувда ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икромов 100 гектар майдонда қурилаётган “Олимпия шаҳарчаси”нинг қурилиш жараёни, олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари, унинг имкониятларидан тўлақонли фойдаланиш, илмий-амалий машғулотлар марказига айлантириш борасида Президентимиз томонидан берилган топшириқлар ижроси хусусида тўхталиб ўтди.
Мутахассислар ушбу шаҳарча замонавий спорт диснейлендига айлантирилиши кўзда тутилаётгани, у ўзбек спортининг ривожини янги босқичга олиб чиқишда ягона кластер бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.
Муҳокамалар жараёнида “Олимпия шаҳарчаси”га жойлашадиган жисмоний тарбия ва спорт ташкилотлари, маҳорат мактаблари ва спорт федерацияларининг жой тақсимоти, терма жамоалар учун ажратиладиган машғулот залларидан фойдаланиш масалалари кўриб чиқилди.
Тадбир якунида мутасаддилар қурилиш объектларидаги ишлар билан танишиш асносида масъуллар билан жараённи режа асосида кўздан кечириш масаласида келишиб олди.
Т.Рўзиев, ЎзА