Қорақалпоғистон Республикаси ОИТСга қарши кураш марказида 1 декабрь – Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни муносабати билан оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар иштирокида “Соғлом ҳаёт сари биргаликда” шиори остида семинар ўтказилди.
Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмаси Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Нукус шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда сўзга чиққанлар давлатимиз раҳбарининг жорий йил 20 январьдаги “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касалликка қарши курашиш тизимини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш борасида амалга оширилиши лозим бўлган муҳим вазифаларга тўхталди.
Тадбирда аҳоли орасида ОИВ инфекциясини аниқлаш бўйича текширувлар қамровини ошириш, беморларга сифатли тиббий ва руҳий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш, уларни зарур дори воситалари билан тўлиқ таъминлаш ҳамда ижтимоий ҳимоясини кучайтириш борасидаги ишлар юзасидан сўз юритилди. Мазкур қарор билан аҳоли орасида ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш самарадорлигини оширишга доир 2023 – 2027 йилларга мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
Қайд этилганидек, ҳар йили 1 декабрь санаси анъанавий равишда Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни сифатида нишонланади ва таълим муассасаларида ўқувчи-ёшлар ўртасида тушунтириш-тарғибот тадбирлари ташкил этилади. Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2023 йил 11 июлдаги кўрсатма хати асосида ОИВ инфекцияси юқиши ва тарқалиши эҳтимоли юқори бўлган гуруҳлардан аҳолига ушбу инфекциясининг тарқалиш занжирини узиш мақсадида шаҳар ва туманларда акциялар ташкил этилди.
Жорий йилнинг 9 ойи давомида мобиль лабораториялар ёрдамида ОИВ инфекциясига қарши жами 17 минг 166 нафар шахсдан қон намунаси олиниб, текширилди. Бундан ташқари, марказ ОИВ лабораторияларида даволаш профилактика муассасасидан келган таҳлиллардан 10 минг 243 нафари экспресс ва 230 минг 937 нафари иммунофермент таҳлили усулида текширилди. Аҳоли орасида ОИВ инфекциясини эрта аниқлаб, ўз вақтида касалликнинг олдини олиш тадбирларини йўлга қўйиш учун ОИТС хизматининг моддий-техника базасини яхшилаш мақсадида халқаро Глобал жамғармаси грант маблағи ҳисобидан 4 та ва маҳаллий бюджет маблағи ҳисобидан 3 та, жами 7 та комплект ИФА асбоби сотиб олинди. 6 туманлараро лаборатория ҳамда ОИТСга қарши кураш маркази лаборатор комплекси жиҳозланди ва фаолият кўрсатмоқда. Марказ диагностика лабораториясида цитофлюрометр ва геманализатор асбоб-ускунаси ўрнатилди.
Тадбир якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири