Маълумки, дунё миқёсида энергия истеъмоли масалалари энергия самарадорлигини ошириш бўйича давлат сиёсати ва махсус дастурлар орқали амалга ошириб келинмоқда. Бугунги кунда саноат сектори дунёдаги йиллик бирламчи энергия истеъмолининг қарийб 40 фоизини ташкил қилади. Бу йўналишда ISO 50001 халқаро стандарти қабул қилинган бўлиб, у энергия самарадорлиги масалаларини тартибга солади.

Энергия ресурсларидан самарали фойдаланишга қаратилган жараёнлар мажмуи – энергия самарадорлигига бериладиган бирламчи таърифдир. Биноларнинг энергия таъминоти ёки ишлаб чиқариш жараёнлари учун камроқ энергия сарфлаш эвазига керакли натижага эришиш самарадорлик кўрсаткичи ҳисобланади.

Ўзбекистон миқёсида ҳам иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия тежамкорлигини таъминлашга қаратилган кенг қамровли чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, Президентимизнинг 2019 йил 22 августдаги  “Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, “Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази” давлат муассасаси томонидан Жанубий Кореянинг 2,3 миллион долларлик грант маблағлари ҳисобига “Ўзбекистон Республикасида кондиционерларнинг энергия самарадорлигини баҳолаш синов лабораториясини ташкил этиш” лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Мазкур лойиҳа натижасида энергия сарфи юқори бўлган кондиционер маҳсулотларини муомалага чиқарилишининг олдини олиш орқали мамлакатимиз иқтисодиётининг энергия сарфи ҳажмини қисқартириш, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган ҳамда импорт тарзида кириб келадиган кондиционерларнинг энергия самарадорлигини баҳолаш имконияти яратилади. Шу билан бир қаторда, маҳаллий корхоналар ва тадбиркорлик субъектларининг маҳсулотлари сифатини яхшилаш, рақобатбардошлигини таъминлаш ва экспорт салоҳиятини оширишга эришилади.

Марказнинг Пискент туманида жойлашган синов лабораториялар мажмуаси халқаро талабларга мувофиқ равишда таъмирланиб, зарур бўлган синов жиҳозлари ва ўлчаш воситалари олиб келинди. Шунингдек, 5 нафар мутахассис Корея Республикасида кондиционерларнинг энергия самарадорлигини баҳолаш лабораторияларида ўз малакасини оширган бўлса, ушбу йўналиш ва мувофиқликни баҳолаш тизими бўйича ташкиллаштирилган ўқув-тренингларда икки мамлакат масъуллари ўзаро тажриба алмашди.

Бундан ташқари, синов лабораториялари томонидан расмийлаштирилаётган хулосаларни халқаро даражада тан олинишига эришиш мақсадида лойиҳа доирасида халқаро ISO 5151 стандартини амалиётга жорий этиш бўйича O‘zDst ISO 5151 стандарти ҳам қабул қилинди.

“Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази” давлат муассасаси ҳамда Жанубий Кореянинг “KCL” компанияси томонидан ўтказилган “Энергия самарадорлик тизимини ривожлантириш, техник жиҳатдан тартибга солиш, мувофиқликни баҳолаш соҳаларида халқаро тажриба” мавзусидаги қўшма семинар айнан шу йўналишнинг истиқболларига бағишланди.

Семинар доирасида “Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази” давлат муассасаси ҳамда Жанубий Корея Республикасининг “Korea Conformity Laboratories” ташкилоти ўртасида икки томонлама ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Меморандумга асосан, мувофиқликни баҳолаш соҳасида олиб борилган синов натижалари ўзаро тан олинишини таъминлаш мақсадида икки томонлама солиштирув синовларини олиб бориш, ходимлар малакасини ошириш юзасидан қўшма семинарлар ўтказиш, Корея лабораторияларида тажриба алмашишни йўлга қўйиш кўзда тутилган.

Шу билан бирга, халқаро аккредитациядан ўтган синов лабораторияларини ташкил этиш, улардан фойдаланиш бўйича икки давлатнинг технология ва инновацияларини ҳамкорликда амалиётга жорий қилиш, маҳсулотларнинг энергия самарадорлигини баҳолаш соҳасида ахборот, билим ва мутахассислар алмашинуви ҳамда узоқ муддатли ҳамкорлик қилиш кўзда тутилган.

Натижада мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган ҳамда четдан импорт тарзида кириб келаётган кондиционерларнинг энергия самарадорлигини тўлиқ баҳолаш имконияти вужудга келади. Бу орқали, экспортга маҳсулот чиқарадиган маҳаллий корхоналар қўллаб-қувватланади ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспорт фаолиятидаги иштироки ҳар томонлама рағбатлантирилади.

– Дунёнинг кўплаб давлатларида энергия самарадорлиги ва тежамкорлигига эришиш иқтисодиётнинг асосий мавзусига айланиб улгурди. Шунинг учун, республикамизда қайта тикланувчи энергия манбаларига оид ўнлаб йирик инвестицион лойиҳалар амалга оширилмоқда, – дейди Техник жиҳатдан тартибга солиш бошқармаси бошлиғи Дилшод Ҳожикариев. –Семинарда энергия самарадорликни назорат қилиш ва бошқариш тизими, халқаро талаблар асосида энергия самарадорликни баҳолаш бўйича техник регламентни ишлаб чиқиш ва уларни амалиётга жорий этиш масалалари, экспортёрлар учун яратилган қулайликлар ва имкониятлар муҳокама қилинди.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА