Жорий йилнинг 10 декабрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси кунига бағишланган “Янги нафас – экиден” оммавий югуриш мусобақаси бўлиб ўтади.
Янги Ўзбекистон боғида ўтказиладиган мазкур Экиден мусобақасида иштирокчилар эркаклар, аёллар ва аралаш эстафета баҳсларида қатнашади. Ушбу мусобақаларда таркиби 15 ёшдан катта бўлган 7 кишидан иборат 100 та жамоа ғолиблик учун рақобатлашади. Мусобақа соат 11:00 да бошланади.
Маълумот учун, Экиден пойгасида ҳар бир жамоа 7 кишидан иборат (7 босқич) бўлиб, жамоанинг бир нафар аъзоси 1 даврада 3,18 км югуради, жами жамоа 22,26 км масофани босиб ўтади. Аралаш эстафета баҳсида жамоа таркиби камида 2 нафар аёл ва 5 нафар эркакдан иборат бўлиши керак. Агар жамоада 6 нафар эркак ва 1 нафар аёл иштирок этса, жамоа эркаклар тоифасида иштирок этади. Мазкур мусобақада югуришни истаган жамоалар рўйхатдан ўтиш учун 2 миллион 100 минг сўм тўлов қилишлари керак. Иштирокчилар “Iticket.uz” сайти орқали ва Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси манзилида рўйхатдан ўтишлари мумкин.
Рўйхатдан ўтган иштирокчилар махсус тўпламга эга бўлади. “Иштирокчи тўплами” 2023 йил 9 декабрь куни соат 10:00 дан 18:00 гача берилади.
Ғолиб ва совриндорлар қуйидаги тартибда тақдирланади:
1-ўрин – 7 000 000 сўм;
2-ўрин – 5 000 000 сўм;
3-ўрин – 3 000 000 сўм.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА