Япониянинг “JAXA” аэрокосмик агентлигига хакерлар ҳужум қилиши натижасида жиноятчилар янги ишланмаларга тегишли маълумотларни ўғирлаган бўлиши мумкин, деб ёзди кун чиқар юртда чиқадиган “Yomiuri” газетаси.
Хабарда келтирилишича, хакерлар космик ишланмаларга алоқадор маълумотлар сақланадиган ички серверга киришга муваффақ бўлган. Таъкидланишича, JAXA мутахассислари ҳукумат ва ҳуқуқ-тартибот идоралари билан яқин ҳамкорликда вазиятни ўрганяпти.
Эътиборли жиҳати шундаки, махсус серверга рухсатсиз кирилганини агентликнинг ўзи эмас, балки Япония полицияси қайд этди ва муассасага маълум қилди.
Дарвоқе, илк ҳужум ёзда амалга оширилган, бироқ агентлик ҳолатни пайқамаган. Айни пайт вазият таҳлил қилиниб, ҳимоя тизимидаги камчиликни зудлик билан бартараф қилишга киришилган.
JAXA 2016-2017 йилларда ҳам Япониянинг кўплаб мудофаа соҳасида фаолият кўрсатадиган компаниялари қатори ялпи киберҳужумга дуч келган эди. Ўшанда мамлакат хавфсизлик идоралари жиноятчилар ХХР ҳудудида ҳаракатланганини аниқлаган, дейилади хабарда.