Осиё ва Европа қитъасида куни кеча Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичи доирасида бир қатор ўйинлар ўтказилганидан хабарингиз бор. Ўзбекистонлик футбол ихлосмандлари ОЧЛ гуруҳ босқичидаги “Навбаҳор” ва “Пахтакор” клубларининг ўйинини катта қизиқиш билан кузатгани шубҳасиз.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, Осиё чемпионлар лигаси гуруҳ босқичи 5-тури доирасида ўтказилган «Ал-Айн» – «Пахтакор» ва «Навбаҳор» – «Ал-Ҳилол» тўқнашуви кўп масалаларга ойдинлик киритди.
Шарҳимизни дастлаб қувончли хабар билан бошлаймиз. Ўзбек футболида камбэк қилиш урфга айланмоқда. Гап шундаки, “Пахтакор” ҳам терма жамоамиз ва “Насаф” каби ўйиннинг биринчи бўлимида мағлуб бўлиб, иккинчи бўлимда ғалабани илиб кетди.
Мамлакатимиз чемпиони сафарда “Ал-Айн”га қарши ўтказилган ўйиннинг 18-дақиқасида ўз дарвозасидан гол ўтказиб юборди. Ушбу голга Эйса Халфан муаллифлик қилди. Ушбу вазиятни тўғри баҳолаган вакилларимиз иккинчи бўлимда ўйин тизгинини қўлга олиб, якунда 1:3 ҳисобида ғалаба қозонди. Вакилларимиз сафида голларга Ҳожимат Эркинов (дубль) ва Драган Черан муаллифлик қилди. Шунингдек, Д.Черан ўз номига 2 та ассист ҳам ёздириб қўйди.
Шу тариқа «Пахтакор» очколари сонини 7 тага етказиб олди ва гуруҳда 2-ўринни банд этиб турибди. «Ал-Айн» ҳисобида эса 12 очко мавжуд ва улар биринчи поғонадан жой олган. Гуруҳда “Ал-Файҳа” эса 6 очко билан учинчи, “Ахал” эса 4 очко билан тўртинчи поғонада бормоқда.
Шундай бўлса-да, «шерлар»нинг гуруҳдан чиқиш имконияти бироз кам. Сабаби, улар ўз минтақасидаги иккинчи ўринлар орасида энг ёмон натижани қайд этиб турибди. Бироқ, умид ҳали сақланиб қолган.
Дарвоқе, «Ал-Айн» ва «Пахтакор» учрашувида 2 та ассист ва 1 та голни ўз ҳисобига ёздириб қўйган Д.Черан «SofaScore» талқинига кўра 9 балл олиб ўйиннинг энг яхши футболчиси бўлди. “Пахтакор” “А” гуруҳидаги сўнгги учрашувни 5 декабрь куни Тошкентда “Ал-Файҳа”га қарши ўтказади.
Энди мухлисларимизнинг кўнглини хира қилган «Навбаҳор» – «Ал-Ҳилол» учрашуви ҳақида тўхталиб ўтамиз. Афсуски, бу ўйинда “Навбаҳор” имкониятни бой берди. Меҳмонлар сафида голларга Малком ва Довсари муаллифлик қилди.
Шу тариқа, “D” гуруҳида «Навбаҳор» очколари сони 10 талигича қолди ва гуруҳда иккинчи ўринни банд этиб турибди. «Ал-Ҳилол» ҳисобида эса 13 очко мавжуд ва улар биринчи поғонадан жой олган.
Шунингдек, «Нассажи Мозандарон» 6 очко билан гуруҳда учинчи ўринда бормоқда. Сўнгги ўринда эса “Мумбаи сити” бормоқда.
Мағлубиятга қарамай, «Навбаҳор» ўз гуруҳида иккинчи ўринни олиши аниқ бўлиб улгурди. Энди улар 4 декабрь куни сафарда “Мумбаи сити” билан ўйин ўтказади.
Европа чемпионлар лигаси шарҳи
Европа чемпионлар лигаси гуруҳ босқичида ҳам 5-тур ўйинлари ўтказилди ва унда кутилмаган натижалар ҳам қайд этилди.
Лиганинг “ўлим гуруҳи” дея эътироф этилган «F» гуруҳида «Милан» ўз майдонида кутилмаганда «Боруссия»га 1:3 ҳисобида енгилди. “ПСЖ” эса «Ньюкасл» билан 1:1 ҳисобида дурангга имзо чекди.
Мазкур учрашувлар натижасидан сўнг, гуруҳда «Боруссия» муддатидан аввал плей-офф йўлланмасини нақд қилган бўлса, охирги тур олдидан қолган уч жамоа ҳам иккинчи ўрин билан гуруҳдан чиқиш имкониятини сақлаб қолди. Аниқроғи, “ПСЖ” очколари сонини 7 тага етказиб олди ва иккинчи ўринга кўтарилди. «Ньюкасл» ва “Милан” эса 5 очко билан учинчи ҳамда тўртинчи поғонадан ўрин олди.
“H” гуруҳида «Барселона» Каталонияда «Порту»ни енгди. Дастлаб, 30-дақиқада Пепе ҳисобни очган бўлса, Каталония клуби Канселу ҳамда Феликс томонидан киритилган голлар эвазига ҳисобни 2:1 кўринишга келтирди. Ҳисоб ўйин якунига қадар ўзгармади. Бу гуруҳнинг иккинчи ўйинида “Шахтёр Донецк” 1:0 ҳисобида “Антверпен”ни таслим қилди.
Ҳозирда Хави шогирдлари очколари сонини 12 тага етказиб олиб, плей-офф йўлланмасини нақд қилди. “Порту” ва “Шахтёр Донецк” эса 9 очко тўплаган ҳолда иккинчи ўрин учун кураш олиб борадиган бўлди.
Чемпионлар лигасининг “E” гуруҳида ҳам қизиқарли баҳслар бўлиб ўтди. «Лацио» – «Селтик» баҳси мезбонлар фойдасига 2:0 ҳисобида ҳал бўлди. “Фейенорд” ва “Атлетико Мадрид” учрашувида меҳмонлар 1:3 ҳисобида ғалабага эришди.
Ушбу натижалардан сўнг гуруҳда “Атлетико Мадрид 11 очко билан карвонбошилик қилаётган бўлса, «Лацио» 10 очко тўплаган ҳолда иккинчи, “Фейенорд” эса 6 очко билан учинчи ўриндан жой олган. «Селтик» 1 очко жамғарган ҳолда навбатдаги босқичдан умидини узди.
«G» гуруҳида яққол устунлик қилаётган «Манчестер Сити» ўзининг энг яқин таъқибчиси «Лейпциг»ни 3:2 ҳисобида мағлубиятга учратган бўлса, “Янг Бойз” ўз уйида 2:0 ҳисобида “Црвена Звезда”ни доғда қолдирди.
Ҳозирда сўнгги тур олдидан «Манчестер Сити» 15 очко тўплаган ҳолда плей-офф босқичига йўл олган бўлса, «Лейпциг» 9 очко билан иккинчи ўринда турибди. “Янг Бойз” сўнгги учрашувдаги ғалабадан сўнг 4 очко эга бўлди. “Црвена Звезда” эса 1 очко билан тўртинчи ўринни эгаллади.
Шундай қилиб, ҳозирда муддатидан аввал мусобақанинг плей-офф босқичига «Атлетико», «Барселона», «Боруссия Д», «Лацио», «Манчестер Сити», «Бавария», «Интер», «Реал Сосьедад», «Реал» ва «Лейпциг» клублари чиқди.
Бугун тунда Европа чемпионлар лигасининг 5-тур учрашувлари давом эттирилади.
Қуйида бугун бўлиб ўтадиган ўйинлар билан танишасиз:
“Галатасарай” – “Манчестер Юнайтед”, “Бавария” – “ФК Копенгаген”, “Севилья” – “ПСВ”, “Арсенал” – “Ланс”, “Реал Мадрид” – “Наполи”, “Брага” – “Унион”, “Бенфика” – “Интер”, “Реал Сосьедад” – “Зальцбург”.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА