Жорий йилнинг 21-29 ноябрь кунлари пойтахтимиздаги “Универсал” спорт саройида бокс бўйича катталар ўртасида мамлакат чемпионати ўтказилди. Ушбу мусобақа Ўзбекистон ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, мамлакатимиз бокс федерацияси томонидан ташкил этилди.
Ундан мақсад юртимизда ҳаваскор боксни янада оммалаштириш ва бу орқали иқтидорли спортчиларни саралаш ҳамда терма жамоа сафига янги номларни қўшиш.
Ўзбекистон чемпионатида хотин-қизлар 12 вазнда, эркаклар эса 13 вазн тоифасида медаллар учун куч синашди.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, аёллар бокси бўйича ўтган беллашувларда 12 та олтин, 12 та кумуш ва 24 та бронза медали ўз эгаларига топширилди. Мусобақа давомида Жиззаҳ вилояти вакиллари 4 олтин, 1 кумуш ва 5 бронза медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи ўрин эса 2 олтин ва биттадан кумуш ҳамда бронза медаль жамғарган Фарғона вилояти жамоасига насиб қилди. Кучли учликни бухоролик чарм қўлқоп усталари биттадан олтин ва кумуш ҳамда уч бронза медаль жамғарган ҳолда якунлади.
Эркаклар ўртасидаги баҳсларда 13 олтин, 13 кумуш ҳамда 26 бронза медали соҳиблари аниқланди. Умумжамоа ҳисобида эса жиззахлик боксчилар 5 та олтин, 2 та кумуш, 5 бронза жами 12 та медаль жамғарган ҳолда барча жамоаларни ортда қолдирган бўлса, фарғоналиклар 5 олтин, 2 кумуш, 1 бронза билан иккинчи, Тошкент вилояти жамоаси эса 3 та олтин, 2 та кумуш ва 5 бронза медалини қўлга киритиб, шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олди.
Шуни таъкидлаш лозимки, мусобақа ғолиб ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан медаль ва пул мукофотлари билан рағбатлантирилди.
Шунингдек, мамлакат биринчилигининг энг яхшилари аниқланди. Унга кўра, мусобақанинг энг яхши ҳаками Бауржан Жолдасев, “Энг яхши аёл боксчи” Фарзона Фозилова, “Энг яхши эркак боксчи” Тўрабек Ҳабибуллаев деб топилди ва ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.
Бир сўз билан айтганда ҳар бир спорт турида мамлакат чемпионати жуда муҳим мусобақа ҳисобланади. Сабаби, ушбу чемпионатда ўзини кўрсатган ёш спортчилар келгусида терма жамоамиз сафида халқаро турнирларда янада ёрқинроқ порлайди.
Дарҳақиқат, бугун Баҳодир Жалолов, Ҳасанбой Дўсматов, Шаҳрам Ғиёсов, Бектемир Мелиқўзиев, Исроил Мадримов, Муроджон Аҳмадалиев каби юксак марраларни забт этаётган чарм қўлқоп усталари ҳам бундан бир неча йиллар олдин мамлакат миқёсидаги мусобақаларда тобланган. Умид қиламизки, бу йилда кашф этилган янги номлар ҳам ўз акалари каби жаҳон ва қитъа чемпионатлари ҳамда Олимпия ўйинлари шоҳсупасига кўтарилади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА