Қарор ва шарҳ

Шу пайтгача пенсияга чиқиш осон эмасди. Баъзан у ҳужжатни бу ташкилотга, бу ҳужжатни у идорага олиб кўп югуришга тўғри келарди. Нима ҳам дердик, хат-ҳужжатчилик шундай бўлганда.

Бу ҳақда сўз борганда “колхоз-совхоз” замонларида ишлаган йиллари меҳнат дафтарчасига киритилмаганлар эсга тушади. Улар орасида туман архиви ҳужжатларини титкилаб-титкилаб маълумотларини топганлар бор. Лекин маълумотни топиб, бошқа масалага дуч келганлар талай. Масала шундаки, архив ҳужжатларида пенсияга чиқувчининг исми икки-уч хил ёзилган. Бу чалкашликни тугатиш учун фуқаролик ишлари бўйича судларга мурожаат қилганлар қанча…

Бу гаплар билан нари борса уч-тўрт йиллик воқеаларни ёдга олдик. Келинг, умумий тасаввурларни қўйиб, аниқ маълумотларга тўхталамиз.

Ўтган йилнинг 1 июнига қадар пенсия тайинлаш учун фуқародан 14 та ташкилотдан 30 дан ортиқ ҳужжатни тўплаб келиши талаб этилган. Пенсияга чиқаётганларнинг ёши улуғлигини ҳисобга олса бу осон жараён эмас. Кўп ҳолларда барча ҳужжатларни йиғишга, ҳатто, олти ойгача вақт сарфланган.

Бугун пенсия тайинлашда биргина шахсни тасдиқловчи ҳужжат – паспортни тақдим этиш билан кифояланилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 31 октябрдаги “Аҳолига пенсия тайинлаш бўйича кўрсатиладиган давлат хизматлари сифатини янада оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги қулайликларни янги босқичга олиб чиқмоқда.

Эндиликда олтмиш ёшга тўлган эркакларга, эллик беш ёшга етган аёлларга пенсия шу куннинг ўзида автоматик тарзда тайинланиш чоралари кўрилмоқда. Аҳамиятлиси, бунда пенсияга чиқувчидан бирор бир ҳужжат талаб этилмайди.

Бу амалиёт 2025 йилнинг 1 мартидан бошлаб жорий этилиши кўзда тутилмоқда. Бу ҳақда қуйироқда батафсил тўхталамиз. Ҳозир қарорнинг бошқа бандлари таҳлилига эътибор қаратамиз.

Мазкур қарорни мамлакатимизда аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш борасидаги ислоҳотларнинг бир қисми сифатида кўриш мумкин.

Ўзбекистонда кекса, боқувчисини йўқотган ва меҳнатга лаёқатсиз аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш тизими босқичма-босқич ислоҳ қилинмоқда. Фуқароларга пенсияларни тайинлаш юзасидан кўрсатилаётган давлат хизматлари сифатини янада яхшилаш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Янги қарор аҳолига пенсия тайинлаш тизимига замонавий ахборот технологияларини фаол татбиқ этилаётганининг бир ифодаси бўлди.

– Пенсия жамғармаси томонидан фуқароларга ўн уч турдаги пенсия ва нафақалар, ижтимоий тўловлар амалга оширилади, – дейди Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ижро этувчи директор ўринбосари Нуриддин Шодихўжаев. – Бугунги кунга келиб улардан ўн тури фуқаролардан пенсия жамғармасига келишини талаб қилмаган ҳолда – проактив, композит ҳамда интерактив шаклда ҳужжат топшириш йўлга қўйилмоқда. Қарорда эндиликда ёшга доир пенсияни ҳам фуқаронинг мурожаатисиз, қўшимча ҳужжатлар талаб этилмаган ҳолда проактив шаклда тайинлаш белгиланган.

Келгуси йилнинг 1 январидан бошлаб фуқароларга давлат пенсияларини тайинлаш учун амалдаги тартибга қўшимча равишда уларнинг хоҳишига кўра Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ҳам мурожаат қилиш ҳуқуқи берилади.

Фуқароларга давлат пенсиялари тайинланганидан сўнг уларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларидаги маблағларини Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки Халқ банкининг мобил иловаси орқали олиш имконияти яратилади.

Одатдаги тартибда фуқаролар пенсияга чиққанидан сўнг пенсия жамғармаси томонидан махсус сертификат тақдим қилинади. Ўша ҳужжат билан Халқ банкига бориб жамғараб бориладиган пенсия ҳисобварақларидаги маблағларни олиши мумкин эди. 2024 йилнинг 1 январидан ушбу сертификатни бериш амалиёти тугатилмоқда. Энди барча маълумотлар ахборот алмашинув тизими орқали банкка тақдим этилади.

Шу ўринда “проактив” атамасига қисқача тўхталамиз. Проактив шаклда пенсия тайинлаш тизимида фуқародан бирор ҳужжат, ҳатто, ариза ҳам талаб қилинмайди. Ахборот марказларидан маълумотлар олиниб, фуқарога давлат хизматлари кўрсатилади. Маълумотларга кўра, пенсия жамғармаси томонидан йилига уч юз минг нафарга яқин фуқарога пенсия тайинланади. Янги тизимнинг йўлга қўйилаётгани қанчадан-қанча инсонларнинг ортиқча овора бўлиши, вақтининг беҳуда сарфланишининг олдини олади.

Қарорга кўра, фуқароларга ёшга доир пенсияларни проактив шаклда тайинлаш тартибини амалиётга жорий этиш бўйича «йўл харитаси» тасдиқланди. Унга асосан 14 та вазирлик ва идоранинг маълумотлар базаси 2025 йил 1 мартга қадар инвентаризация қилинади. Пенсия тайинлаш учун зарурий ҳужжатлар тўлиқ рақамлаштирилади.

Баъзан пенсия ёшига етсада меҳнат фаолиятини давом эттириш истагида бўлганлар ҳам учрайди. Янги тартибга кўра, улар проактив шаклда тайинланган пенсияни рад этиш ҳуқуқига эга бўлади.

Ёшга доир пенсия фуқаронинг кейинчалик қилган мурожаати асосида Ўзбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонунига кўра белгиланган тартибда қайта ҳисобланади. Шундан сўнг тегишли тартибда пенсия тайинланади.

Бир сўз билан айтганда, пенсияни расмийлаштиришдаги ортиқча оворагарчиликларга барҳам берилмоқда.

Икром АВВАЛБОЕВ, 

ЎзА мухбири