Жорий йилнинг 1-7 декабрь кунлари мамлакатимизда Паралимпия ҳаракатини ривожлантиришга қаратилган “Паралимпия ҳафталиги” ташкил этилади.
Мазкур ҳафталик доирасида жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг қўлга киритган ютуқлари, уларнинг ибратли ҳаёт тарзини тарғиб қилиш тадбирлари билан бир қаторда, туман ва шаҳарлар миқёсида имконияти чекланган шахслар, шу жумладан, ёшлар ўртасида жисмоний тарбия ва соғломлаштириш тадбирлари ҳамда спорт мусобақалари уюштирилади.
Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган мактаб ва мактаб-интернатлари ўқувчилари ўртасида 5х5 футбол, пара енгил атлетика, пара стол тенниси, пара бадминтон, голбол, пара пауэрлифтинг, пара шахмат ва шашка спорт турлари ҳамда қувноқ эстафеталар каби мусобақалар кўнгли имконсизликдан имкон топиб, ўз иқтидорини намойишга чоғланганларга бир олам завқ улашиши шубҳасиз.
Ҳафталик давомида имконияти чекланган ёш спортчиларга машғулот ўтаб келаётган тренерлар учун турли тренинг-семинарлар, амалий машғулотлар кўргазмаси бўйича “Маҳорат дарслари” намойиш этилади ва иқтидорли ёшларни танлаб олиш, уларни пара спорт турларига йўналтириш ва шу орқали спорт билан шуғулланувчилар қамровини янада кенгайтириш тадбирлари амалга оширилади.
Т. Рўзиев, ЎзА