Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ва унинг ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги ҳамда Инновацияларни жорий қилиш ва технологиялар трансфери миллий офиси вакиллари, Ёшлар академияси аъзолари Озарбайжоннинг Боку шаҳрида ўтказилаётган “SPECA-2023″ ҳафталиги доирасида ”Барқарор ривожланиш учун минтақавий ҳамкорлик” деб номланган кўргазмада иштирок этди.

Ушбу кўргазма Боку шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиёти бўйича махсус дастури (SPECA)нинг 25 йиллиги доирасида Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон Республикаларининг иқтисодиёт потенциалини намойиш қилиш бўйича ташкил қилинган.

Кўргазмада мамлакатимизнинг автомобил ва машинасозлик, енгил саноат, электротехника, қурилиш, кимё, фармацевтика ҳамда таълим ва инновация соҳаларидаги миллий маҳсулотлари ва хизматлар намойиш этилди.

“SPECA-2023” ҳафталиги доирасида инновацияларни жорий қилиш ва технологиялар трансфери миллий офиси бош директори Фарҳод Жумаев Қозоғистоннинг “Туран эркин иқтисодий зонаси” вакиллари билан учрашди. Учрашув давомида компания вакиллари билан белгиланган соҳадаги илғор технологияларни Ўзбекистонга трансфер қилиш, соҳа экспертларини жалб қилган ҳолда икки давлат ўртасида тажриба алмашинувини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, мамлакатимиз томонидан ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши учун 25 йилгача барча солиқлардан озод қилиниши, газ, электр, сув таъминотлари билан таъминланиши ва бошқа шу каби масалалар кўриб чиқилди.

Шунингдек, Озарбайжоннинг етакчи компанияси ҳисобланган “Azericard” ўртасида илм-фан ва технологиялар соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш учун меморандум имзоланди.

Ушбу ҳамкорликдан кўзланган мақсад, компаниянинг контактсиз тўлов ишланмаларини Ўзбекистонда жорий қилиш, яъни рақамли технологияларни тўлов тизимларига трансформация қилиш, “TezÖde“ лойиҳаси орқали қурилмалар, карталар ёки бошқа тўлов воситаларидан фойдаланмаган ҳолда тўлаш имконини яратишдир.

Ушбу лойиҳа Озарбайжон давлатида кўп йиллардан буён фуқароларга хизмат кўрсатмоқда. Қайд этиш жоиз, “Azericard” Озарбайжондаги биринчи, етакчи ва йирик процессинг маркази бўлиб, бугунги кунда 16 та банкларга хизмат кўрсатиб келмоқда.

Мазкур кўргазма давомида SPECA давлатлари орасида умумий 548 минг АҚШ доллари қийматидаги тижоратлаштириш лойиҳалари бўйича шартномалар имзоланди.

Маълумот учун: БМТнинг Марказий Осиё иқтисодиёти бўйича махсус дастури (SPECA) 1998 йилда ташкил этилган бўлиб, Озарбайжон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Афғонистон дастурга аъзо давлатлардир. Дастурнинг мақсади аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ва жаҳон иқтисодиётига интеграцияни қўллаб-қувватлашдан иборат.

Н.Насриев, ЎзА