Икки давлат раҳбарларининг оқилона сиёсати туфайли Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорлик кўплаб соҳалар қатори диний-маърифий жабҳада ҳам изчил ривожланиб, биродарлик янада мустаҳкамланмоқда.

Хусусан, икки давлат диний идоралари ҳамкорлигида амалга оширилаётган хайрли ишлар, мўмин-мусулмонларнинг диний эҳтиёжларини қадрлаш,  биргаликда глобал фатволарни ишлаб чиқиш, қардош халқларнинг диний эҳтиёжларини тўғри таъминлаш борасида самарали ишлар қилинмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Қозоғистон мусулмонлари идораси раиси, бош муфтий Наврўзбай ҳожи Тағанули жаноблари билан учрашув ўтказди, дейилади Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати хабарида.

Самимий мулоқот чоғида Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Қозоғистон бош муфтийси Наврўзбай ҳожи жанобларига Тошкент, Бухоро шаҳарларидаги нуфузли тадбирлар ва халқаро конференцияларда фаол иштироклари учун ташаккур айтиб, қозоғистонлик уламоларнинг халқаро форумдаги чиқишларини юқори баҳоладилар.

Мулоқотда Ўзбекистон томонининг Туркий давлатлар ташкилоти мусулмон диний идоралар раҳбарлари кенгаши ҳузурида Фатво ҳайъатини тузиш таклифининг амалий аҳамияти жуда юқори эканига урғу қаратилди. Мазкур ҳайъат глобал масалалардаги фатволар лойиҳасини ишлаб чиқиш, фатво идоралари фаолиятини мувофиқлаштириш каби муҳим вазифалар билан шуғулланиши билан янада аҳамиятли эканига эътибор қаратилди.

Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА