Миср муфтийси Шайх Шавқий Аллом илк бор Ўзбекистонга ташриф буюриб, Бухорода Мир Араб мадрасасининг 500 йиллигига бағишланган “Боқий Бухоронинг ислом цивилизациясидаги ўрни” мавзусидаги халқаро илмий анжуманда иштирок этди. Бу ҳақда Мусулмонлар идораси матбуот хизмати хабар берди.

Тадбирда Халқаро мусулмон уламолари иттифоқи ва Абу-Даби тинчлик форумининг обрўли вакиллари, Ўзбекистон, Озарбайжон, Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон муфтийлари, машҳур олимлар, ислом тадқиқотчилари ва диний соҳа вакиллари, Мир Араб мадрасаси битирувчилари иштирок этган анжуманни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси Шайх Нуриддин Холиқназаров очиб берди.

Таъкидланганидек, тадбирда хорижий меҳмонлар, жумладан, Шайх Шавқий Аллом Ўзбекистон, хусусан, Бухорониг буюк олимлари қолдирган бой маънавий мерос ҳақида, мамлакатимизнинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган ва қўшаётган ҳиссаси хусусида сўз юритди.

Россия Федерацияси мусулмонлари диний бошқармаси бошлиғи муфтий Шайх Равил Ғайнутдин Мир Араб мадрасаси битирувчилари Россияда бухоролик муфтийлар деб аталиши, улар ислом илми марказларидан бири тарбияланувчиси сифатида ўзгача ҳурмат-эътиборга сазовор эканини таъкидлади.

Азиза Халимова, ЎзА