Майдони 4 минг квадрат/километрдан ортиқ, дунёдаги энг йирик Антарктика айсберги – “А23а” 37 йилдан буён илк бор ҳаракатга келди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

2020 йил ҳаракатлана бошлаган бу айсбергнинг кўчиши 2022 йилга келиб жадаллашди. Сўнгги ойларда эса шамол ва оқим таъсирида тезлик янада ошган. Сунъий йўлдош маълумотига кўра, ҳозир гигант муз бўлаги Антарктика ярим ороли шимолий чеккасидан сузиб ўтмоқда.

Олимлар қайд этишича, улкан айсберг Антарктика айлана қутб оқимига келиб қўшилиши мумкин. Бу воқеа содир бўлса, “айсберглар аллеяси” номли йўл бўйлаб Жанубий океан томон йўл очилади.

Мутахассислар “А23а” ҳаракатини диққат билан кузатиб боришга киришган. Агар муз тоғи Жанубий Жоржияга етиб борса, ўша ерда яшайдиган миллионлаб жониворлар – тюлень, пингвин ва денгиз қушлари учун хавф туғдириши аниқ.

Дарвоқе, айсберглар экология тизимига фойда ҳам келтиради: эриш жараёнида Антарктика озиқ-овқат занжири асосини ташкил қилувчи организмлар учун озуқа моддалари манбаи ҳисобланган минерал чанг ажратиб чиқаради.

Азиза Ҳалимова, ЎзА