Ҳуқуқий муносабат

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 24 майдаги “Рақамли хизматлар қамрови ва сифатини ошириш ҳамда соҳа, тармоқ ва ҳудудларни рақамли трансформация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида “Рақамли ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформасида рақамли шаклда тақдим этилиши орқали жорий йил 1 декабрдан бошлаб аҳоли ва тадбиркорлик субъектларидан талаб қилиш бекор қилинадиган маълумотлар рўйхати келтириб ўтилган. Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Жавоҳир Эшонқулов бу борада батафсил тушунтириш берди.

Қарорга кўра, қуйидагилар тасдиқланди. Жумладан, “Рақамли ҳукумат” ва “Рақамли ҳудуд” дастурлари доирасида 2023-2024 йилларда амалга ошириладиган 300 та устувор лойиҳалар рўйхати шакллантирилди. 2023 йил якунигача Ягона интерактив давлат хизматлари порталида кўрсатилаётган хизматлар сонини 570 тага етказиш доирасида порталда биринчи навбатда жорий этиладиган 95 та хизмат ва сервислар рўйхати тузилди. Рақамли технологиялар бўйича лойиҳалар самарадорлиги, рақамли хизмат ва сервисларнинг сифати ва барқарорлиги устидан рақамли назорат ўрнатилади.

2023 йил 1 декабрдан аҳоли ва тадбиркорлардан талаб қилиш бекор қилинадиган 47 турдаги маълумотлар рўйхати ҳамда аҳоли ва тадбиркорларга хизматлардан фойдаланиш ҳолати бўйича юбориладиган эслатма ва хабарномалар рўйхати тузилди.

Шунингдек, мисол сифатида қуйидагиларни келтириб ўтишимиз мумкин. Хусусан, фойдаланувчига илгари тақдим этилган ЖШ ШИР (агар мавжуд бўлса) ҳақида маълумот. Оила таркиби тўғрисидаги маълумотлар, фуқаро мол-мулкига (автотранспорт воситаси, кўчмас мулк ва бошқалар) қўйилган тақиқлар, талабанинг шартнома пули тўланганлиги тўғрисидаги маълумотлар, жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами орқали фуқаронинг номида тадбиркорлик субъекти мавжудлиги ҳамда тадбиркорлик субъекти таъсисчилари орасида мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар сўралмайди.

Ўрта махсус ва профессионал таълим муассасалари ўқувчи-талабаларининг ўқиш жойидан маълумотнома, ногиронлиги бўлган ёшларга ўқиш, яшаш ва транспорт харажатларини қоплаш учун субсидия ажратиш тўғрисидаги тавсия, бола таълим олаётган бошланғич ва ўрта таълим (мактабгача, мактаб ва бошқа) ташкилоти ва муассасаси тўғрисидаги маълумотлар, жисмоний шахснинг идентификация рақами орқали рўйхатга олинган телефон рақамлари тўғрисидаги маълумотлар ҳамда никоҳ ва никоҳдан ажралиш маълумотларини реал вақт режимида тақдим этиш ҳам талаб этилмайди.

Гулноза Бобоева, ЎзА