Ўзбекистонда Барқарор ривожланиш мақсадлари ойлиги ўтказилмоқда.

Ойлик доирасида Сенатда БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) бажарилиши билан боғлиқ масалалар муҳокамасига бағишланган конференция ташкил этилди.

Тадбирда барқарор ривожланиш учун тинч ва очиқ жамиятга кўмаклашиш, ҳамма одил судловдан фойдаланишини таъминлаш ва самарали, ҳисобдор ва кенг иштирок этишга асосланган институтларни яратишга кўмаклашиш масаласига эътибор қаратилди.

Мамлакатнинг барқарор ривожланишида қонун устуворлигини таъминлаш, давлат бошқарувида жамоатчилик иштирокини янада кенгайтириш жуда муҳим.

Бу борада Ўзбекистонда салмоқли натижаларга эришилмоқда ва бу дунё ҳамжамияти томонидан ҳам эътироф этилаётир.

Аҳолининг ижтимоий-сиёсий жараёнлардаги фаоллиги ортди. Зўравонлик, айниқса, хотин-қизлар ва болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларининг олдини олишга қаратилган ишлар ўз самарасини бермоқда.

Бундан ташқари, хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Аёлларга нисбатан содир этилаётган зўравонлик ҳолатларини барвақт аниқлаш учун қисқа рақамли “1259” колл-маркази фаолияти йўлга қўйилиб, 8 мингга яқин аёлларга ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатилди.

“Оилавий зўравонлик” илк бор алоҳида қилмиш сифатида баҳоланиб, уни содир этган шахслар учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик нормалари белгиланди.

Хусусан, “regulation.gov.uz” норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида ҳозирги кунга қадар муҳокамага қўйилган 21 минг 408 норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси бўйича фуқаролар томонидан 61 минг 778 таклиф келиб тушган.

Давлат органларининг очиқлиги ва шаффофлигини янада оширишга қаратилган амалий тадбирлар туфайли коррупцияга қарши курашиш борасида сезиларли ўзгаришлар кузатилгани қайд этилди.

Суд тизимининг ҳақиқий мустақиллигини таъминлаш бўйича муҳим қадамлар қўйилди ҳамда одил судловга эришиш кафолатини кучайтириш мақсадида Олий суд томонидан қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.

Тадбир якунида БРМга эришишда давлат бошқаруви органлари фаолияти тўғрисида жамоатчиликни мунтазам равишда хабардор қилиш зарурлиги қайд этилди.

Тазйиқ ва зўравонлик қурбони бўлган хотин-қизлар ва болалар манфаатини ўз вақтида ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштириш, уюшган жиноятчиликка қарши курашишда жамоатчилик ёрдамидан фойдаланиш каби қатор тавсиялар берилди.

Н.Абдураимова, ЎзА