Маьлумки, ҳар ойда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан Ишбилармонлик фаоллиги индекси таҳлил қилинади.

Жорий йил октябрь ойида Ишбилармонлик фаоллиги индекси 1066 бирликни ташкил этиб, сентябрь ойига нисбатан 6,6 фоизга ошган. Шу билан бирга, ишбилармонлик фаоллиги индекси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ҳам 6,4 фоизлик ўсиш қайд этилди.

Компонентлар даражасида қуйидаги ўзгаришлар бўлган: 2023 йилнинг октябрь ойида Ишбилармонлик фаоллиги индекси ўтган ойга нисбатан 6,6 фоизга ошиб, 1066 бирликни ташкил этиши, қуйидаги компонентлар даражасидаги ўзгаришларга боғлиқ бўлган.

Хўжалик юритувчи субъектларнинг банк ҳисобварақаларидаги операциялар сони 6,8 фоизга ошган. Фаолият кўрсатаётган хўжалик юритувчи субъектлар бўйича компонент 0,7 фоизга ошган.

Товар-хом ашё биржасида хом ашё сотиб олиш жадаллиги 8,5 фоизга ошган. Товар белгилари бўйича компонент 22,2 фоизга ошган.

Ҳудудлар кесимида Самарқанд вилоятида энг юқори ўсиш суръати қайд этилган.

2023 йил октябрь ойида Ишбилармонлик фаоллиги индекси барча 7 та ҳудудда ўтган ойга (сентябрь) нисбатан ўсиш кузатилган. Самарқанд 42,3 фоиз, Навоий 35,0 фоиз, Жиззах 14,3 фоиз вилоятлари, Тошкент шаҳри 35,2 фоиз ва Қорақалпоғистон Республикасида 35,0 фоиз – сезиларли даражада ўсиш кузатилган.

2023 йил октябрь ойида банклараро тўлов операциялари сони 6 127,1 минг тани ташкил этди ва 2023 йилнинг сентябрь ойига нисбатан 387,6 минг транзакцияга 6,8 фоиз ошган. Банклараро тўлов операциялари сони 4 та ҳудудда ошган.

2023 йил октябрь ойида республиканинг 4 та ҳудудида юридик шахслар ўртасидаги банк операциялари сони ўтган ойга нисбатан ошган. Хусусан, Жиззах 12,5 фоиз, Тошкент 5,4 фоиз, Фарғона 5,1 фоиз, вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 10,3 фоиз ўсиш кузатилган.Шу билан бирга, 10 та ҳудудда юридик шахслар ўртасидаги банк операциялари сони камайган.

2023 йилнинг октябрь ойида ИФИнинг биржа компоненти 1,0846 бирликни ташкил этди. Бу эса, ушбу компонентнинг ўтган ойга нисбатан 8,5 фоизга ошганлигини англатиб, битимлар сонининг 20,0 фоизга ошганлиги билан изоҳланади. Бундан ташқари, ҳар бир битим бўйича сотиб олинган товарлар ўртача ҳажми 3,0 фоизга камайган.Республика товар-хом ашё биржасида товарлар савдоси умумий айланмаси ҳажми 2023 йил сентябрь ойида 6 980,9 млрд. сўмни ташкил этиб, ушбу кўрсаткич ўтган ойга нисбатан 1,4 фоизга ошган.

Фаолият юритаётган хўжалик субъектлари бўйича компонент 2023 йил октябрь ойида 1,0072 бирликни ташкил этиб, ўтган ойга нисбатан 0,7 фоизга ошганлигини кўрсатади. Бундан ташқари ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 12,2 фоизга сезиларли даражада камайган.

2023 йил октябрь ойида барча турдаги фаолият юритаётган хўжалик юритувчи субъектлар сони 2023 йилнинг сентябрь ойига (513 603 бирлик) нисбатан 4 135 тага ошиб, 517 738 бирликни ташкил этган. Йирик тадбиркорлик билан шуғулланувчи корхоналар сони 22 тага ошган.

Ҳисобот даврида, кичик корхоналар сони 418 711 тадан 422 586 тагача ошган (ўсиш 3 875 та). Шунингдек, фермер хўжаликлари сони 91 230 тадан 91 468 тагача (238 та) кўпайган. Йирик тадбиркорлик билан шуғулланаётган субъектлар сони 3 684 тани ташкил этиб, 2023 йилнинг сентябрь ойига нисбатан 22 тага ошган.

2023 йил октябрь ойида савдо белгилари муҳофазаси бўйича бизнес фаоллиги индекси 1,2217 бирликни ташкил этиб, ушбу кўрсаткич 2023 йилнинг сентябрь ойига нисбатан 22,2 фоизга ошган. Жорий йилнинг октябрь ойида юридик шахслар томонидан 248 та товар белгилари ва товар номлари рўйхатга олинган.

Ш.Маматуропова, ЎзA