Тиббиёт хабарлари

Пойтахтимизда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг янги бирлашган комплекси бунёд этилмоқда.

Саккиз қаватли мазкур бинодан 650 ўринли стационар, 100 ўринли кундузги стационар, 500 қатновга мўлжалланган поликлиника, илмий тадқиқотлар учун замонавий талабларга жавоб берадиган референс лаборатория жой олади.

Ўз навбатида, бу ерда 17 та янги клиник бўлим фаолияти йўлга қўйилади. Жумладан, мамлакатимизда илк бор суяк кўмиги трансплантацияси бўлими очилади. 45 та реанимацион ва 16 та операцион хоналар энг сўнгги технологиялар билан таъминланади.

Интенсив терапия бўлими юрак мониторлари, ўпкани сунъий шамоллатиш мосламалари ва бошқа замонавий асбоб ускуналар билан таъминланган консолли функционал ётоқларга эга бўлади.

Комплексда беморларни нур билан даволаш учун 9 та бункердан иборат радиотерапия арсенали билан бирга ядровий тиббиёт бўлими ишга туширилади. Бирида тўхталишлар юз берган тақдирда ҳам бошқалари унинг ўрнини тўлдириши натижасида даво муолажаси узлуксизлиги таъминланади.

Шунингдек, марказда Позитрон эмиссион томография аппарати циклотрон билан ускуналар комплекси ўрнатилади. Ушбу ноёб ускуналар комплекси ёрдамида ўсма касалликларни эрта босқичларда ва бошқа диагностик усул билан аниқланмаган метастазларни дастлабки даражасида аниқлаш имкони бўлади.

Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов марказ биноси билан танишиб, шу жараёнда лойиҳачилар, пудратчилар ва архитекторлар билан мулоқот қилди. Шунингдек, муассаса учун зарур жиҳозларни қисқа муддатда олиб келиб ўрнатиш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берди.

Халқаро илмий-амалий анжуманда болалар саломатлиги масалалари

Соғлиқни сақлаш ва болаларни муҳофаза қилиш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, ҳар томонлама ривожланган авлодни тарбиялаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидандир. Жорий йил якунига қадар “Аҳоли саломатлиги – 2030” Миллий стратегиясини ишлаб чиқиш кўзда тутилган бўлиб, бу борада кўплаб ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Самарқанд давлат тиббиёт университети олдига ҳам бир қатор вазифалар қўйилган бўлиб, “Педиатрия ва фармация: болалар ва ўсмирлар саломатлиги йўлида халқаро учрашув” мавзусида ташкил этилган халқаро илмий-амалий анжуман ана шу вазифалар ижросига қаратилди.  Унда фундаментал ва клиник тиббиёт соҳасидаги етакчи олим ва илмий изланувчилар, педиатр ҳамда фармацевтлар ҳамда ўттизга яқин хорижий мамлакатлар мутахассислари томонидан соҳага оид долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Фармацевтика тадқиқотларининг замонавий усуллари бўйича аёллар ўртасида касалликларнинг олдини олиш дастурлари, оналар ва болаларни эрта ташхислаш ва соғломлаштириш, соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш, касалликларнинг самарали олдини олиш, юқори технологияли ва инновацион усулларни жорий этиш ва бошқа бир қатор масалалар юзасидан маърузалар тингланди.

ОИВ ва ОИТС: очиқ мулоқот”

ОИВ профилактикаси, даволаш ва хабардорлик соҳасидаги сезиларли ютуқларга қарамай, аҳолига бу борада долзарб маълумотларни етказишда,  тақдим этишда камчиликлар бор. Боиси, ОИВ ва ОИТС касалликлари ҳақида тайёрланаётган материалларга ёндашувни ўзгартириш, “ОИТС – аср вабоси”, “Бедаво дард” сингари атамалардан имкон қадар камроқ фойдаланиш вақти келди.

Тўғри, бу касаллик бирон бир инсонга юқдими, бир умрга организмида сақланиб қолади. Аммо замонавий тиббиёт ютуқлари натижасида ушбу касалликни юқтирганлар ҳам дори-препаратларини мунтазам қабул қилиш натижасида соғлом одамлардек умр кечиришлари, оила қуришлари, соғлом фарзанд кўришлари мумкин.

Пойтахтимизда ташкил этилган “ОИВ ва ОИТС: очиқ мулоқот” тадбирида таъкидланганидек, ушбу касалликни юқтирганлар ҳам жамиятдан ажралиб қолмаслиги, соғлом инсонлардек ҳаёт кечиришлари лозим. Бунинг учун жамоатчилик фикрини шакллантиришда журналистлар, блогерлар мавзу доирасида ёритилаётган материалларда маълум мезонларга аҳамият қаратиши мақсадга мувофиқдир. Тадбирда ана шу мезонлар ҳақида тушунтиришлар берилди. ОИТС касаллиги билан яшаётган ёшларнинг ҳаётий ҳикоялари эшитилди.

Тадбирда шунингдек, соғлом турмуш тарзи, касалликлардан ҳимояланиш йўллари ҳақида фикр алмашилди.

Моҳигул Қосимова, ЎзА