Тошкентда ўтган “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда фуқаролик жамияти институтлари ва имконияти чекланган шахслар иштирокини кенгайтириш” халқаро конференциясида хорижий тузилма раҳбарлари, экспертлар иштирок этиб, ўз тақдимотларини намойиш қилди.

Жумладан, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (ГИЗ)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси лойиҳа раҳбари Оле Доэтинчем мамлакат ҳукумати номидан Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантириш устида иш олиб бораётганини юқори мамнуният билан қайд этди.

– Бугунги йиғилиш имконияти чекланган инсонлар ва фуқаролик жамияти институтларининг юртингизда барқарор ривожланиш мақсадларига эришишдаги иштироки муҳимлигини яна бир бор кўрсатди. Германия ҳукумати инклюзив ривожланиш зарурлигини тан олади,  — дейди Оле Доэтинчем. — Муҳокамаларда Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш бўйича аниқ натижаларга эришишда муҳим роль ўйнайдиган кенг кўламли мавзулар қамраб олинди. Биз БРМга эришишда ногиронлиги бўлган шахслар ва фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва иштирокини ошириш йўлида Ўзбекистон тажрибасини ўрганамиз.

Германиянинг “Европа жамоалари” доирасидаги ҳамкорлиги йўналишлари ушбу мақсадларга тўла мос келади. Хусусан, имконияти чекланган фуқароларни жалб қилиш алоҳида аҳамиятга эга.

Ўзбекистонда ГИЗ мажбуриятлари барқарор иқтисодий ривожланиш, самарали бошқарув, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя каби соҳалардаги лойиҳаларни қамраб олади. Мазкур лойиҳалар гендер тенглик масалаларини кўриб чиқади.

Мамлакатда ижтимоий ҳимояни яхшилаш учун Германиядан сармоя киритиш бу борадаги катта ютуқлардан биридир. Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш миллий агентлиги билан ҳамкорлигимиз аҳолининг заиф қатламлари учун ижтимоий хизматларни кенгайтиришга қаратилган. Бу борада Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш миллий стратегияси ва албатта, “Ўзбекистон-2030″ стратегияси муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

2025 йил Германияда бўлиб ўтадиган Ногиронлик бўйича глобал саммитда Ўзбекистон ҳам иштирок этади, деб умид қиламан. Мазкур форум Тошкентдаги анжуманда муҳокама қилинган муҳим масалалар юзасидан янги лойиҳалар ишлаб чиқишда муҳим саналади.

Бўлиб ўтган халқаро конференция имконияти чекланганлар ва фуқаролик жамияти институтлари иштироки масаласи бўйича кенг жамоатчилик ҳамда сиёсатни ишлаб чиқиш, қарорлар қабул қилишда масъул шахслар билимини янада чуқурлаштиришда аҳамиятлидир.

Беҳруз Худойбердиев ёзиб олди.

ЎзА