Медиалингвистика – медиа соҳасидаги замонавий босма, аудиовизуал ва интернет тилини ўрганувчи фан сифатида бугунги глобаллашув шароитида тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Айни жараён, табиийки, ушбу йўналишнинг чуқур илмий тадқиқотини тақозо қилмоқда.

Масаланинг долзарблиги, тегишли муаммолар ечимига оид илмий назария, қараш, хулоса ва таклифлар Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети Маданиятлараро коммуникациянинг лингвистик таъминоти кафедраси томонидан ташкил этилган “Медиалингвистика, лингводидактика ва маданиятлараро коммуникация: назария ва амалиёт” мавзусидаги республика илмий-амалий анжуманида илгари сурилди.

– Бугунги анжуманда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида жойлашган олий таълим муассасаларида оммавий ахборот воситалари тили, услуби бўйича илмий тадқиқот олиб борган ва бораётган профессор-ўқитувчилар, иқтидорли талабалар иштирок этишди, – дейди кафедра мудири, профессор Дилфуза Тешабаева. – Анжуманда лингвомаданий омиллар, хорижий тил таълимида инновацион технологиялардан фойдаланиш, медиа таржимасида миллий-маданий ўзига хослик каби муҳим аҳамиятга эга  масалалар таҳлил қилинди.

Анжуманда фаол иштирок этган маърузачилар ва кўнгиллиларнинг бир гуруҳи махсус сертификат ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Маҳфуза Ортиқова, ЎзА