Пойтахтимизда “Мотуридий таълимоти ва ҳозирги замон” мавзуида туркий давлатлар уламоларининг биринчи форуми бўлиб ўтди.

Унда Туркий давлатлар мусулмонлари идоралари раҳбарлари, муфтийлар, туркий дунёнинг обрў-эътиборли уламолари ҳамда исломшунос тадқиқотчилар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Уйғун Ғафуров, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, шайх Нуриддин Ҳолиқназаров, Туркия диёнат ишлари бошқармаси раиси, профессор Али Эрбаш ва бошқалар Туркий давлатлар ташкилоти бугунги кунда жаҳонда ўз сўзи, ўрни, нуфузи, мавқеи, жаҳолатга қарши курашда қатъий позициясига эга бўлган тузилма сифатида ўзини намоён этаётганини таъкидлади.

Форумда қайд этилганидек, Ўзбекистон диёрида Ислом дини тараққиётига улкан ҳисса қўшган алломалар меросини ўрганиш масаласи дунё олимларининг эътиборида бўлиб келмоқда.

Мамлакатимизда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган улуғ алломалар ҳаёти ва илмий, диний- маърифий меросини чуқур тадқиқ этиш, уларни халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш, айниқса, ёш авлодда аждодларимиз билан фахрланиш туйғусини шакллантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳам шундай саъй-ҳаракатлар натижасида ташкил этилган.

Форумда ақида ва калом илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган Имом Мотуридий ва унинг издошлари бўлган алломаларнинг улкан илмий, диний ва маънавий меросини ўрганиш, Ислом динининг инсонпарварлик моҳияти, маърифий-маданий роли ва ривожланиш йўналишлари ҳамда “Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси асосида динимизнинг илм-маърифат, поклик, тинчлик-осойишталик, тараққиёт ва бунёдкорликка чақирувчи ғояларини халққа, айниқса, ёшларга етказиш, мутаассиблик, экстремизмнинг мақсадлари, ғоявий негизлари, замонавий кўринишлари, фаолият услубларини ўрганиб, уларга қарши курашишнинг илмий-маърифий асослари ишлаб чиқилаётгани ва амалиётга кенг жорий этилаётгани хусусида сўз борди.

Анжуманда Имом Абу Мансур Мотуридий ҳаёти ва илмий фаолиятига доир қизиқарли, қимматли маълумотлар келтирилди. Жумладан, буюк аллома бобомиз Самарқанднинг Мотурид қишлоғида таваллуд топган бўлиб, насаби машҳур саҳобий Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳуга бориб тақалиши, у ўз даврининг етук уламоларидан сабоқ олиб, буюк аллома мавқеига эришгани таъкидланди.

– Тўққизинчи асрда Марказий Осиёда турли миллатлар, турли динлар тўқнашган давр эди, – деди Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Абдулатиф Аллақулов. – Диёримиздан Мотуридийдек алломанинг етишиб чиққани, унинг ғоялари аллома меросининг нечоғли буюклигидан дарак беради. Бугунги кунда исломий тушунчаларни нотўғри талқин этиш ва ислом ғояларини бузиб талқин этиш жуда хатарли ҳолатдир. Бундай ҳолатга қарши курашишга ижтимоий тармоқларни Қуръон ва суннатга мувофиқ материаллар билан тўлдириш жуда муҳимдир. Шу билан бирга Мотуридий меросига оид содда, равон, ихчам, замонавий қўлланмаларни, уларнинг электрон муқобилини яратиш мақсадга мувофиқ.

– Бу форум Мотуридий мероси ҳақида тўлақонли маълумот олиш имконини беради, – деди Кавказ мусулмонлари диний идораси раиси ўринбосари Гамар хоним Жавадли. – Марказий Осиёдаги lХ асрда илм-фан, маърифат, таълимга оид жараёнлар бу ҳудуднинг дунё тамаддунига бешик бўлишида, жаҳонда “Мусулмон Ренессанси” деб ном қозонишида асосий омилдир. Имом Мотуридийнинг шуҳрати баланд бўлсада, манбаларда унинг ҳаёти ҳақидаги маълумотлар жуда кам. Шунга қарамай, унинг таълимоти Ислом динининг маърифатпарвар ва эзгу ғояларини очиб бергани билан қадрлидир.

Дарҳақиқат, Имом Мотуридий аҳли сунна вал жамоа ақидасини ақлий ва нақлий манҳаж асосида тартибга солди. У яшаган даврда мамлакатда турли адашган фирқалар сони кўпайиб кетгани манбалардан яхши маълум. Имом Мотуридий эса диннинг асл моҳиятини очиб бериб, соф ақидани сақлаб қолиш ва бидъату хурофотга қарши курашишда катта жонбозлик кўрсатган.

Шунинг учун аллома “Имомул ҳуда” – ҳидоят имоми, “Мусаҳҳиҳу ақидати аҳлис-сунна” – Аҳли сунна ақидасини тўғриловчи, “Роису аҳлис сунна вал жамоа” – Аҳли сунна вал жамоа раиси, “Носириус сунна ва қомиул бидъа” – Суннат ҳимоячиси ва бидъат томирини кесувчи каби қатор унвонларга мушарраф бўлган.

Таъкидландики, Имом Мотуридийнинг “Китобул жадал”, “Маъохизуш-шарийъа”, “Китобур-радди алал Мўътазила”,“Китобут тавҳид”, “Таъвийлоту аҳлис-сунна”каби нодир асарлари бор. Тадбирда аллома ўз асарларида мўътазилия, хорижия, рофизия, карромия, жаҳмия, мушаббиҳия каби адашган тоифаларга раддиялар бергани, бу тоифалар ҳозирда йўқ бўлиб кетсада, бироқ алломанинг қолдирган бой маънавий мероси бугунга қадар ўз аҳамиятини йўқотмагани алоҳида эътироф этилди

Тадбир иштирокчилари аллома меросини бугун ҳам чуқур ўрганиш ҳар қачонгидан муҳим эканини алоҳида таъкидлади. Сабаби, айрим адашган кимсалар Ислом динининг моҳиятини чуқур англамай туриб, турли ақидавий гуруҳлар ғояларига учмоқда. Мотуридий таълимотини ўрганиш ва уларни тўғри йўлга бошлаш эса маърифат аҳлининг бурчи экани форумда алоҳида қайд этилди.

Назокат Усмонова, ЎзА